Сурхондарёлик Дониёр Хўжамуродов бундан бир йил муқаддам “Строймонтаж” масъулияти чекланган жамиятига ҳайдовчи бўлиб, ишга қабул қилинганида “энди рўзғоримни бутлаб оламан, қўлим пул кўрадиган бўлди,” деган хаёлга борган эди. Ўзига яраша машаққати ва масъулияти бор касб эгаси бу ерда катта хурсандчилик билан меҳнат қила бошлади. Афсуски, ўйлари хом хаёл эканини кейинчалик англаб етди. Чунки, масъулияти чекланган жамият раҳбари ўзаро келишилган ойлик маошни тўлаб бермаслик учун турли баҳоналарни излай бошлади.
Раҳбарнинг қуруқ гаплари эвазига ҳар ой бармоғини тишлаб қолаётган ҳайдовчи сермашаққат меҳнат ҳақини ундириб олиш учун суд органларига мурожаат этишга мажбур бўлди. Ишни ҳар тарафлама ўрганиб чиққан суд даъвогар фойдасига тўлаб берилмаган 51 миллион 532 минг сўм ойлик иш ҳақини ундиришни белгилади.
Бу ҳақдаги ҳужжат МИБ Термиз шаҳар бўлимига қабул қилингач, давлат ижрочиси Ф.Дўстмуродов дарҳол мажбурий ижро ҳаракатларига киришилиб, қарздор ташкилотнинг барча ҳисоб рақамларига банд солди. Унга тегишли кўчмас мулк ва автотранспорт воситаларига нисбатан тақиқ қўйилди. Ҳайдовчи фойдасига тўлаб берилмаган ойлик иш ҳақи ва маънавий зарар учун беш миллион сўм компенсация пули ундириб берилди.
МИБ Сурхондарё вилоят бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, тизимда иш ҳақини ундириш ва ишга тиклаш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари алоҳида назоратга олинган. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида давлат ижрочилари фуқаролар фойдасига 2 миллиард юз миллион сўм иш ҳақини тўлаттириб берди. Ноқонуний ишдан бўшатилган ўттизга яқин ишчи-ходим ўз ишига қайта тикланди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири