Суд ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан келаётган ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилоят бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари томонидан ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2024 йил давомида бюронинг вилоят бошқармаси ва шаҳар, туман бўлимлари тарафидан жами 5 триллион сўмлик 510 минг 685 та ижро ҳужжати кўриб чиқилди. Биргина бошқарманинг туманлараро бўлими замонавий ахборот технологияни изчил қўллаган ҳолда масофадан туриб, 53,1 миллиард сўмлик 131 минг 842 та ҳужжат ижросини таъминлади.

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва блогерлар иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида қайд этилишича, ўтган йил давомида бажарилган ижро ишлари натижасида ундирилган маблағлар ҳисобидан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га 89 миллиард сўм йўналтирилди. Давлат фойдасига ундирувлар билан боғлиқ 1,8 триллион сўмлик 379 минг 210 та, солиқ қарзини ундиришга оид 1,4 триллион сўмлик 59 минг 428 та, мол-мулкларни давлат даромадига ўтказиш, йўқ қилиш ва эгасига қайтариш билан боғлиқ 31,5 миллиард сўмлик 2 минг 545 та ҳужжат ижро этилган.

– Мамлакатимиз раҳбарининг топшириғига кўра, бюро идоралари банклар фойдасига ундирувларни янада жадаллаштириш мақсадида ижро иши юритиш самарадорлигини ошириш, қарздорликларни ундиришга оид ижро ҳужжатларининг муддатида ижро этилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда, – дейди МИБ Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Бекзод Мирзааҳмедов. – Банклар фойдасига ундирувлар билан боғлиқ 19 минг 615 та ҳужжат бажарилиши натижасида 640,6 миллиард сўм маблағлар ундирилиши таъминланди. Алимент ундирувлари билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўйича иш юритувда 26 минг 855 дан ортиқ алимент ва моддий таъминотга оид ижро ҳужжатлари мавжуд.

2024 йилда жами 121 миллиард сўм алимент пуллари ундириб берилди. Алимент тўловларини олдиндан амалга ошириш бўйича ўтказилаётган тарғибот тадбирлари натижасида алимент тўловчи фуқаролар томонидан фарзандлари вояга етгунига қадар ёки 5 йил муддатга олдиндан тўлов қилиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Хусусан, ўтган давр ичида 3,9 миллиард сўмлик уй-жой ва транспорт воситаси алимент учун олдиндан тўлов воситаси сифатида берилди. Шунингдек, муқаддам алимент тўлашдан қасддан бўйин товлаб суднинг қарори билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб, бундан ўзига тегишли хулоса чиқармаган 134 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 122-моддасига мувофиқ, жиноят ишлари қўзғатилган.
Матбуот анжумани давомида журналистлар ва ижтимоий тармоқ фаолларининг соҳага оид саволларига атрофлича жавоб қайтарилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА