
Наманганда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар иштирокида навбатдаги пресс-тур ташкил этилди.
Вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси билан ҳамкорликда уюштирилган тадбирда давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ва йўқ қилиш билан боғлиқ суд қарори ижросини таъминлаш борасида бажарилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Бунда МИБ ходимлари томонидан тадбир иштирокчиларига суд қарорига асосан йўқ қилиш билан боғлиқ ҳужжатлар иш юритувига келиб тушгандан сўнг амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида бафуржа тўхталиб ўтилди.

Эътиборлиси, тадбирнинг амалий қисми сифатида, Бюронинг Наманган шаҳри ва Янги Наманган тумани бўлимлари иш юритувига келиб тушган, айланма йўллар орқали юртимизга кириб келган ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан тўхтатиб қолинган 40 минг қути “Milano”, “Oris”, “Еsse exchnge” каби тамаки, 6 дона ароқ маҳсулоти ҳамда инсон органимизга кучли таъсир кўрсатувчи 2 минг 798 дона “Регапин” капсуласи ва 8 минг 820 дона пиротехника ёқиш, сувга бўктириш ва синдириш орқали йўқ қилиниши жараёнлари божхона, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вилоят бошқармалари вакиллари гувоҳлигида кўрсатилди.

– Бюронинг Янги Наманган тумани бўлими иш юритувига суд қарорига кўра, йўқ қилиш билан боғлиқ ҳужжатлар ижросини ўз вақтида таъминлаш борасида тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда, – дейди МИБ давлат ижрочиси Сирожиддин Турсунов. – Биргина, жорий йилнинг ўтган даврида иш юритувига келиб тушган 54 та ижро ҳужжатининг 48 таси амалда якунланди. Унинг 15 таси тамаки, 12 таси эса алкоголь, 21 таси эса бошқа турдаги маҳсулотлар.

Тадбир давомида журналист ва блогерлар мавзу юзасидан қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА