
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети жамоаси, фаол ёшлари “Менинг Оролдаги боғим” акцияси доирасида Мўйноқ туманида бўлиб, Орол денгизининг қуриган тубига саксовул кўчатларини экиш билан бирга илмий-тадқиқот ишларини олиб борди.
Ушбу тадбирни ўтказишдан асосий мақсад, Орол денгизининг қуриши ортидан юзага келган экологик офатларга қарши курашиш ва табиий ресурсларни тиклашга ҳисса қўшишдан иборат. Акцияда университетнинг Биоэкология илмий лабораторияси асбоб-ускуналари ёрдамида ҳавонинг, тупроқнинг таркибини аниқлаш ишлари олиб борилди. Шунингдек, экологик ҳолатни яхшилаш мақсадида саксовул кўчатлари экилди.

Саксовул ўсимлиги, Оролбўйи каби қурғоқчил ҳудудларда тез ўсиб, тупроқни мустаҳкамлаш ва ҳавони тозалашга катта ҳисса қўшади. Унинг илдизлари нафақат тупроқни ушлаб туриш, балки унга озуқа манбаи бўлиб хизмат қилади. Бу эса экотизимнинг тикланишига ёрдам беради.
Орол денгизи атрофида олиб борилган илмий тадқиқотлар ва саксовул кўчатларини экиш каби ишлар, табиатни тиклаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади. Табиатни асраш, экологик барқарорликни таъминлаш ва иқлим ўзгаришларига қарши курашишда бундай чора-тадбирларнинг ўрни беқиёсдир.

“Менинг Оролдаги боғим” акцияси каби ташаббуслар, табиатни асрашга бўлган эътиборни кучайтириш ва экологик маданиятни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Ёшларга табиатни севиш, унга ғамхўрлик қилиш ва унинг ресурсларини асраб-авайлашни ўргатиш – келажакда экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.