Наманганда 12 май – Халқаро ҳамширалар куни ва Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллигига бағишланган “Менинг онам ҳамшира” расмлар танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши томонидан таъсис этилган мазкур танловнинг муассаса, ташкилот ва шаҳар, туман кесимидаги беллашувларида мингдан зиёд 7-10 ёшли ўғил-қизлар фаол иштирок этди. Уларнинг 17 нафари вилоят босқичида ўзаро беллашди. Танлов давомида болажонлар онаси ёки отасининг ғоят масъулиятли, аммо, шарафли фаолияти ҳақидаги тасаввурларини теран ва ёрқин рангларда ифода этди.

Таъкидлаш даркор, тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигида ўрта тиббиёт ходимларининг фидокорона меҳнати беқиёс аҳамиятга эга. Бинобарин, саломатлик посбонларини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Илк бор ташкил этилган мазкур танлов айни шу хайрли мақсадга қаратилган.
Танлов болажонлар қалбида ота-онаси билан фахрланиш, улар касбига ҳурмат ва муҳаббат пайдо қилди, рассомлик иқтидорларини омма олдида намоён этиш имконини берди. Тасаввур ва тафаккур меваси бўлган суратлар Наманган давлат университетининг санъатшунос олимларидан иборат ташкилий комиссия аъзолари томонидан муносиб баҳоланди.

Якуний натижаларга кўра, асарлари энг юқори баҳоланган Тўрақўрғон тумани кўп тармоқли марказий поликлиника ҳамшираси Шаҳзода Тўлқинованинг қизи, тумандаги 1-сонли умумтаълим мактабининг 2-синф ўқувчиси Омина Орифжонова ғолиб бўлиб, республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Ғолиблар ва фаол иштирокчилар ҳамда уларнинг ота-оналарига Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Наманган вилоят кенгашининг фахрий ёрлиқ, қимматбаҳо эсдалик совғалари тантанали тарзда топширилди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА