Тошкент шаҳридаги 30 ва 22-сонли Меҳрибонлик уйларида “Ватан учун, халқ учун, миллат учун” шиори остида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда болажонлар миллий таомлар тайёрлаш, қўл меҳнати кўргазмаси ҳамда ватанпарварлик руҳидаги концерт дастури билан иштирокчиларга чиройли байрам кайфияти улашдилар.
Ҳар иккала муассасада болажонлар томонидан ош пишириш бўйича танлов ўтказилди. Унда болажонлар гвардиячи акаларидан “Наманганча ош”, “Тошкент чойхона палови”, “Жиззах оши” ҳамда “Паркент оши” тайёрлаш сир асрорларини ўрганишди ва ўзлари ушбу таомларни тайёрлашди. Натижа ёмон эмас, энг муҳими уларда миллий таомларни тайёрлашга бўлган қизиқиш ортди.
Шунингдек, қўл меҳнати намуналари кўргазмаси ҳам ўтказилиб, тарбиячиларнинг ижод маҳсуллари намойиш этилди.
Шундан сўнг, тадбирнинг бадиий қисмига навбат берилди. Болажонлар томонидан тайёрланган ватанни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлар, шеър ва саҳна кўринишлари моҳирона тарзда амалга оширилди. Уларнинг ҳар бир чиқишларида миллийлик ва ватанпарварлик ҳисси уфуриб турди десак муболаға бўлмайди.
Саҳнадаги болажонларнинг ҳар бир ҳаракати томошабинлар ва меҳмонларда илиқ таъсурот қолдирди ва уларнинг қалбида яна бир бор Ватан туйғусини жо этди.
Тадбирда, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Марказий девони масъул офицерлари, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Болалар психологияси маркази ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ходимлари, 30-сонли Меҳрибонлик уйи педагог жамоаси ва тарбияланувчилари иштирок этишди.
Тадбирларнинг сўнггиси футбол мусобақаси билан якунига етди. Болажонлар ўз тенгқурлари билан мириқиб тўп тепиб, бир олам завққа тўлишди.
Ва ниҳоят ош танловининг паловлари ҳам дастурхонга тортилди. Байрам дастурхонида болажонлар бири иккинчисидан маъзали бўлган ошларни истеъмол қилиб, байрам кайфиятини ҳис этишди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/n4H6uYFOP4s?si=wblIrUOFI2mCyUbx" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нигора Раҳмонова, Анвархўжа Аҳмедова, ЎзА