“Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан шундай шиор остида тизимдаги устоз ва мураббийлар учун зиёрат ва саёҳатлар ташкил этилмоқда.
Яқинда кўҳна Самарқанд шаҳрига уюштирилган тадбир улардан биридир.
Жамият ахборот хизматига кўра, бу галги тадбир 1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан ташкил этилган.
Унда тизимдаги Сирдарё иссиқлик электр станцияси касаба уюшмаси қўмитаси томонидан корхонада узоқ йиллар самарали меҳнат қилган ва ҳозирда нафақада бўлган 40 нафар фахрий энергетик устозлар учун кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилди.
– Ушбу ташаббус энергетика соҳасида узоқ йиллар хизмат қилган мутахассисларни эъзозлаш, уларнинг маънавий дунёсига ҳурмат ва эътиборни кучайтириш, шу билан бирга, ички туризмни қўллаб-қувватлаш мақсадларини ўзида мужассам этди. Саёҳат давомида меҳмонлар Самарқанднинг тарихий ва маънавий зиёратгоҳлари: Мирзо Улуғбек расадхонаси, Ҳожи Дониёр, Гўри Амир, Бибихоним мақбаралари, Регистон майдони, Шоҳи Зинда мажмуаси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Таърифга лойиқ обидалар ва зиёратгоҳлар эса уларда катта таассурот қолдирди, –деди жамият ахборот хизмати ходими Собитжон Дилмуродов.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА