Қашқадарё вилоятида меҳнаткашлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат муносабатларида ижтимоий шерикликни кучайтириш, иш жойларида хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда касаба уюшмалари тизими муҳим ўрин тутмоқда.
Ҳозирда вилоятдаги касаба уюшмалари таркибига 4 та тармоқ кенгаши, 51 та шаҳар ва туман кенгашлари ҳамда 3 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотлар киради. Уларда жами 616 минг 951 нафар аъзо бирлашган. Бугунги кунда касаба уюшмалари меҳнаткашлар манфаатларини ишончли ҳимоя қилувчи жамоат ташкилоти сифатида фаолият кўрсатмоқда.
– Жорий йилнинг биринчи ярмида 2 минг 354 та нодавлат корхона ва ташкилот касаба уюшмалари тизимига қўшилди, – дейди Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Қашқадарё вилояти кенгаши раиси Бахтиёр Жўраев. – Бу орқали 94 минг 422 нафар ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари жамоавий ҳимоя тизимига қамраб олинди. Бу рақамлар соҳадаги ислоҳотлар самараси, меҳнаткашлар ишончининг ортганидан дарак беради. Меҳнаткашлар ҳуқуқларини таъминлаш ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган чоралар натижасида вилоят миқёсида 5 миллиард сўмдан ортиқ қарз иш ҳақлари ундириб берилди. Шунингдек, жамоа шартномаси асосида бир ходимга тўғри келадиган ижтимоий сарф маблағ ҳажми 7,5 миллион сўмга етди.
Касаба уюшмалари меҳнат муносабатларидаги баҳсли масалаларни ҳал этишда ҳам фаол иштирок этмоқда. Вилоят Кенгашига фуқаролардан келиб тушган 176 та мурожаат кўриб чиқилиб, уларнинг 79 таси ижобий ҳал этилди. 28 нафар ходим ишга тикланди, қарийб 3 миллиард сўм миқдорида иш ҳақи ва бошқа тўловлар ундириб берилди.
Бундан ташқари, 348 та корхона ва ташкилотда меҳнат қонунларига риоя этилиши ҳолати ўрганилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий ёрдам кўрсатилди.
– Меҳнат муҳофазаси соҳасида жамоатчилик назорати тизимли йўлга қўйилган, – дейди вилоят кенгаши раиси ўринбосари Исоқ Ахмедов. – Жорий йилда 558 та иш ўрни аттестациядан ўтказилди, 26 та ташкилотда меҳнат хавфсизлиги бўйича профилактик тадбирлар амалга оширилди. Бахтсиз ҳодисалар оқибатида жабрланган ходимлар ва уларнинг оилаларига қарийб 39 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Шу билан бирга, иш берувчилар билан ҳамкорликда меҳнат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўқувлар ва семинарлар ўтказилди. Меҳнаткашлар соғлигини мустаҳкамлаш ва уларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш мақсадида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳисобот даврида 900 нафар ходим ва уларнинг оила аъзолари санаторий-курорт муассасаларида имтиёзли соғломлаштирилди. Бу мақсад учун 4,2 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Масъулларнинг таъкидлашича, вилоят бўйлаб 400 минг нафардан ортиқ аъзо иштирокида турли спорт мусобақалари, маданий ва маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. “Меҳнаткашлар саломатлиги ва фаол ҳаёти” шиори остида ўтказилган тадбирлар касаба уюшмалари фаолиятининг муҳим йўналишларидан бирига айланган.
Келгусида вилоят касаба уюшмалари меҳнатга ҳақ тўлашнинг адолатли тизимини жорий этиш, иш жойларида хавфсизликни таъминлаш, ижтимоий шерикликни янада мустаҳкамлаш ва касаба уюшмалари аъзоларининг ҳуқуқий маданиятини оширишни асосий вазифа сифатида белгилаган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугунги кунда касаба уюшмалари нафақат меҳнаткашларнинг ҳуқуқий ҳимоячиси, балки жамиятда барқарорлик ва ижтимоий ҳамжиҳатликни таъминловчи муҳим кучга айланиб бормоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири