Ҳар бир касбнинг ўзига яраша машаққати ва катта масъулияти бор. Буни ҳис қилган инсонгина ўз ишини сидқидилдан ва виждонан бажара олади. Ҳозирги кунда қишлоқ хўжалиги тармоқларида меҳнат қилаётган аёлларга кенг имкониятлар яратилиб, уларнинг билим ва салоҳиятига катта ишонч билдирилмоқда.
Аёллар фермерлик, агробизнес, илмий-тадқиқот ишлари ҳамда бошқарув соҳаларида ўз қобилиятини намоён этиб, жамият ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда. Хусусан, Тошкент вилоятида ҳам шундай намунали аёллар кўплаб топилади. Улардан бири Ўрта Чирчиқ туманидаги “Достонбек Азизбек агро” фермер хўжалиги раҳбари Комила Жуманазаровадир.
У соҳада самарали иш олиб бораётгани учун “Илғор фермер”, “Мўътабар аёл” ва “Маҳалла ифтихори” каби кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Яқинда Президентимизнинг “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Улар орасида Комила Жуманазарова ҳам “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Комила Жуманазарова йиллар давомида амалга оширган ишлари, эришган ютуқлари ва Президентимиз билан бўлган мулоқотдаги таассуротлари ҳақида ЎзА мухбирига интервью берди.

– Яқинда давлатимиз раҳбари Кўксарой қароргоҳида Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан соҳа вакиллари билан ўтказган учрашуви шахсан мен учун унутилмас кун бўлди, – дейди Комила опа. – Соҳада эришилаётган натижалар ортида деҳқон ва фермерлар, кластерлар вакиллари меҳнати алоҳида эътироф қилди. Бундан жуда хурсанд бўлдим. Президентимизнинг қўлидан юксак мукофотни олдим ва бу ҳаяжонни сўз билан тарифлаб беролмайман. Билдирилган юксак ишончи учун катта раҳмат.
Фермер хўжалигимиз фаолият кўрсатганига 26 йил бўлди. Дастлаб 20 гектар ерда ишни ташкил қилган бўлсак, ҳозир экин майдонимиз 163 гектарга етди. Шундан 90 гектарига келгуси йил ҳосили учун буғдой экдик. 2026 йилда пахтанинг Хитой навидан экиб, юқори ҳосил олишни режа қиляпмиз. Трактор бошқаришни ўргандим. Ҳозир 10 дан зиёд қишлоқ хўжалиги техникамиз бор. Хўжалигимизда 46 нафар доимий ишчи меҳнат қилади. Хўжалигимиз пахта ва ғаллачиликка ихтисослашган бўлса ҳам йил сайин чорвачиликни ҳам ривожлантиряпмиз.
Келгусида мавжуд имкониятларимиз асосида ўрдакчиликни ҳам йўлга қўймоқчимиз. Уларга зарур озуқа ўзимизда етиштирилади. Шу туфайли маҳалламизга сут ва гўшт маҳсулотларини етказиб беряпмиз. Пахтачиликда туман бўйича биринчилардан бўлиб томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилдик. Мавсумда ғалладан бўшаган ерда иккинчи экин учун асосан дуккакли ва сабзавот экинлари парваришланади. Ҳозиргача эришган ютуқларимизнинг замирида давлатимиз томонидан бизга яратилган шароит, имконият ва тинимсиз меҳнатимиз самараси ётади.
Комола Жуманазарова ўзи яшаётган “Юқориовул” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳоким ёрдамчиси ва Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати бўлиб ҳам ишлайди. Ҳозир бу ердаги 532 та хонадонда 3 минг нафардан зиёд аҳоли яшайди. Комила опа ва маҳалла еттилигининг саъй-ҳаракатлари билан ишсиз хотин-қизлар бандлиги таъминланди. Ички кўчалар ҳомийлик асосида асфальт қилиниб, йўл бўйларида мевали дарахт кўчатлари экилди.
Эътиборлиси ҳар соҳада ўз билими ва тажрибаси билан ўрнак бўлаётган Комола Жуманазаровани барча бирдек эъзозлайди ва унинг иш тажрибасини ҳаётга татбиқ қилаётганлар кўпчиликни ташкил этади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/-dANqKIXR5M" title="Mehnatdan baxt topgan ayol" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Мусаев, (видео), ЎзА мухбири.