Меҳнат хавфсизлигига риоя қилиниши учун яна қанча ишчи ҳалок бўлиши керак?
Ўзбекистонда қурилиш объектларида меҳнат хавфсизлигини таъминлаш масаласи йилдан йилга тобора долзарб тус олмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги расмий маълумот берди.
Унга кўра, 2024 йилда қурилиш соҳасида 204 та меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса қайд этилган бўлиб, оқибатда 71 нафар ишчи ҳалок бўлган.
2025 йилда эса ҳолат янада оғирлашган. Қайд этилган бахтсиз ҳодисалар сони 234 тага етган, ҳалок бўлган ишчилар сони эса 99 нафарни ташкил этган. Бу кўрсаткичлар ўтган йилга нисбатан ҳам ҳодисалар, ҳам инсон ўлими билан боғлиқ ҳолатлар сони ортиб бораётганини кўрсатади.
Мутахассисларнинг фикрича, бу ҳолатлар қурилиш соҳасида меҳнат хавфсизлиги тизимида жиддий камчиликлар мавжудлигини яққол намоён этмоқда.
Бахтсиз ҳодисаларнинг аксарияти қуйидаги омиллар билан боғлиқ экани қайд этилган. Хусусан, меҳнат хавфсизлиги талабларига амал қилинмаслиги, ишчиларнинг шахсий ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминланмаслиги, қурилиш майдонларида доимий ва самарали назоратнинг йўқлиги, ташкилот раҳбарларининг шахсий жавобгарликни етарли даражада ҳис қилмаслигида.
Вазирликда айтилишича, энг хавотирли жиҳат, кўплаб бахтсиз ҳодисалар олдиндан башорат қилиниши ва уларнинг олдини олиш мумкин бўлган ҳолатлар эканидир.
Шу муносабат билан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги қатор кескин саволларни ўртага ташламоқда: "Қурилиш ташкилотлари раҳбарлари меҳнат хавфсизлигига жиддий муносабатда бўлиши учун яна қанча ишчи ҳалок бўлиши керак? Назорат органлари қатъий чоралар кўриши учун яна қанча оила отадан, ўғилдан, оила боқувчисидан айрилиши лозим?»
Хабарда таъкидланишича, қурилиш соҳасида профилактик назоратни кучайтириш, хавфли объектларни тизимли мониторинг қилиш, қонунбузилишларга нисбатан муқаррар жавобгарликни таъминлаш ҳамда инсон ҳаётига бефарқ муносабатда бўлган раҳбарларга қатъий чора кўриш бугунги кунда долзарб вазифага айланган.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА