Бугунги кунда аҳолини, айниқса хотин-қизларни ўзини ўзи банд қилишга рағбатлантириш – нафақат иқтисодий барқарорликни таъминлайди, балки маҳаллада тадбиркорлик муҳитини шакллантиришга ҳам хизмат қилади.
Жиззах вилоятининг Арнасой туманидаги Ғафур Ғулом маҳалласида яшовчи Мақсуда опа Эргашева 2024 йилда “Камбағалликдан фаровонлик сари” давлат дастури доирасида 33 миллион сўмлик имтиёзли кредит асосида ўз ҳовлисида иссиқхона ташкил этди.


Бугун мазкур иссиқхона лимон кўчатлари, исмалоқ, турли кўкатлар ва 57 кунда пишиб етиладиган картошканинг янги нави билан банд. Бу амалга оширилган иш нафақат унинг оиласи даромадини оширишга, балки маҳалладаги бошқа хотин-қизлар учун ҳам илҳом манбаига айланди.


Маҳаллада бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ишлари ҳоким ёрдамчиси Ахтам Исахонов раҳбарлигида тизимли йўлга қўйилган.
– Маҳалламизда ҳар бир оилага ўз даромад манбаини яратишда амалий ёрдам бериш – асосий вазифамиз. Мақсуда опа Эргашеванинг ташаббуси бунга ёрқин мисол. Шу каби лойиҳалар орқали аҳоли турмуш даражасини яхшилашга интиламиз, – деди Ахтам Исахонов.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири