Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ахборотлаштириш бош маркази давлат унитар корхонасида мазкур ташкилот фаолияти ва тўлов тизимлари орқали кўрсатилаётган хизматларга бағишланган медиа-мулоқот бўлиб ўтди.
Унда мазкур марказнинг директори Дилшод Сарихўжаев сўзга чиқиб, корхонанинг ташкил этилиши, фаолияти ва эришилган натижалар ҳақида атрофлича маълумот берди.
– Ушбу марказ Марказий банк тасарруфидаги давлат унитар корхонаси ҳисобланади. Унинг тарихи 1963 йилда Машина-ҳисоблаш станцияси сифатида фаолият бошлашига бориб тақалади. Кейинчалик турли номлар билан фаолият юритиб, 1995 йил 1 майдан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ахборотлаштириш бош маркази деб қайта номланган. Марказнинг асосий вазифаси электрон тўловлар ва Марказий банк ахборот тизимларининг 24/7 режимида барқарор ишлашини таъминлаш, шунингдек, республика молия секторига телекоммуникация хизматларини кўрсатишдир. Бундан ташқари, банк телекоммуникация тармоғини бошқариш, лойиҳалаш ва эксплуатация қилиш, Марказий банкнинг маълумотларни қайта ишлаш марказларига хизмат кўрсатиш ва янги дастурий таъминотлар ишлаб чиқиш каби муҳим жараёнларни ҳам амалга оширади.
[gallery-22152]
Бугунги мулоқотимиз бевосита тўлов тизимлари орқали кўрсатилаётган хизматларга бағишлангани боис, бу соҳада қилинган ишларга эътибор қаратсак. Масалан, пул ўтказмалари оддий жараён эмас – улар серверлар орқали ўтиб, белгиланган каналлар ёрдамида картага йўналтирилади. Ҳозирги кунда кўплаб янги тизимлар яратилгани, энг муҳими, улар маҳаллий мутахассислар томонидан ишлаб чиқилгани диққатга сазовор. Халқаро тажрибада ҳам Марказий банклар ўз тизимларини локал шаклда ишлаб чиқиши хавфсизлик нуқтаи назаридан муҳим ҳисобланади. Бугунги кунда Марказий банк ахборот тизимлари 24/7 режимида узлуксиз ишламоқда. Хусусан, Банклараро тўлов тизими (RTGS), Банклараро ҳисоб-китоблар клиринг тизими (МУНИС), Тезкор тўловлар тизими, Марказий банк интеграллашган ахборот тизими, Юридик ва жисмоний шахсларнинг валюта операцияларини рўйхатдан ўтказиш тизими каби муҳим электрон хизматлар йўлга қўйилган. Аҳамиятли жиҳати шундаки, бу тизимларнинг жорий этилиши банклар ва аҳоли учун катта қулайликлар яратди, – деди Д.Сарихўжаев.
Мутахассисларнинг қайд этишича, сўнгги йилларда нақд пулсиз тўловлар ҳажми сезиларли даражада ошган. Хусусан, банклараро тўлов тизимида 2021 йилда жами тўловлар сони 57 миллионни ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 76,4 миллионга етган. Шунингдек, банклараро тўлов тизими орқали ўтказилган жами маблағ ҳажми ҳам сезиларли ўсган.
Тадбирда тўлов тизимларининг асосий иштирокчилари: тижорат банклари, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси, Миллий клиринг маркази ва тўлов хизматларини тақдим этувчи ташкилотларнинг роли ҳақида сўз борди.
Шундан сўнг Ахборотлаштириш бош маркази мутахассислари Шаҳзод Шерматов ва Эъзоза Жўрабоева мамлакатимизда тўлов тизимларининг ривожланиш босқичлари, бугунги ҳолати ҳамда келгуси режалар ҳақида батафсил маълумот берди. Уларнинг қайд этишича, 1991-2020 йиллар давомида тўлов тизимлари катта ривожланиш давридан ўтган. Масалан, Банклараро тўлов тизими имкониятларига кўра, у орқали катта миқдордаги транзакциялар ўтказилади. 36 та тижорат банки унинг иштирокчилари ҳисобланади. Ундан 2,6 миллион юридик мижозлар фойдалана олади ва кунлик ўртача 250 мингта тўловлар ўтади. Тизим юқори хавфсизликка эгалиги билан ишончилидир.
Медиа-мулоқот давомида келгусидаги устувор йўналишларга ҳам тўхталиб ўтилди. Хусусан, тезкор тўловлар тизимини ривожлантириш, рақамли технологияларни жорий этиш, тўлов тизимлари фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, банклараро ҳисоб-китобларни оптималлаштириш каби ишлар галдаги асосий вазифалардир.
– Биз ҳар ҳафта долзарб мавзуларда медиа-мулоқотларни ташкил этишни мақсад қилдик. Нафақат Марказий банкда, балки унинг тасарруфидаги ташкилотларга бориб, иштирокчиларни улар фаолияти билан яқиндан таништирамиз. Бугунги медиа-мулоқотимиз Ахборотлаштириш бош маркази ва тўлов тизимлари орқали кўрсатилаётган хизматлар мавзусига бағишланди. Албатта, тўлов тизимларининг ривожланиш босқичлари ва банклар фаолиятидаги аҳамияти ҳақида мутахассислардан маълумотлар олиш журналистлар ва блогерлар учун жуда фойдалидир. Улар тайёрлаган хабар, видео ва фотолавҳалар орқали бу жараён билан кенг жамоатчиликни хабардор қилиш ҳам катта аҳамиятга эга, – деди Марказий банкнинг Жамоатчилик билан алоқалар ва коммуникацион сиёсат департаменти директори Акмал Назаров.
Медиа-мулоқот якунида журналистлар ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.
Насиба Зиёдуллаева,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА