Душанбе шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)га аъзо давлатлар Бош прокурорларининг мувофиқлаштирувчи кенгаши 35-йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев раҳбарлигидаги делегация ҳам иштирок этди.
Йиғилишда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ҳамда давлатнинг қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига эътибор қаратилди ва ўзаро тажриба алмашилди.

Бош прокурор Н.Йўлдошев “Қурилиш соҳасида қонунчилик ижроси устидан назоратни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг тажрибаси” мавзусида маъруза билан чиқиш қилди.
Тадбир якунида делегациялар раҳбарлари МДҲга аъзо давлатлар прокуратура органлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган тегишли қарорларни имзолади.
Таъкидланишича, ўсиб бораётган трансмиллий таҳдидлар ва чақириқлар шароитида идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этади.
Қўшма саъй-ҳаракатлар нафақат илғор тажриба алмашиш, балки инсон ҳуқуқлари, хавфсизлиги ва манфаатлари устувор бўлган ягона ҳуқуқий маконни шакллантиришга қаратилгани қайд этилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА