Ўзбекистоннинг илмий салоҳияти ва табиий гўзаллиги уйғунлашган ноёб масканлардан бири — Қашқадарё вилояти, Қамаши туманида, денгиз сатҳидан 2650 метр баландликда жойлашган Майданак баландтоғ астрономия обсерваторияси ҳисобланади. Бу ер нафақат астрономик тадқиқотлар учун, балки сайёҳлик ва ёшларни илм-фанга жалб этиш имкониятлари билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Жорий йилнинг 7–8 август кунлари ушбу ҳудуд туризм салоҳиятини республика ва хорижда кенг тарғиб қилиш мақсадида “Юлдузли осмон” астрономик илмий-амалий анжумани ҳамда ОАВ вакиллари ва талаба-ёшлар учун пресс-тур ташкил этилди.

Тадбир Янги Ўзбекистон университети, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Астрономия институти ва “Ўзбеккосмос” ҳамкорлигида, ёшларни илм-фан ва таълим интеграцияси доирасида замонавий астрономик тадқиқотлар, соҳадаги янгиликлар ҳамда кашфиётлар билан таништириш мақсадида ўтказилди. Шунингдек, ушбу ташаббус ўқувчи ва талабалар ёзги таътилини мазмунли ўтказишга қаратилган “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида амалга оширилди.
Иштирокчилар кечги вақтда обсерватория бўйлаб саёҳат қилдилар. Астрономия институти олимлари ва “Ўзбеккосмос” вакиллари меҳмонларга Майданак обсерваториясининг тарихи, илм-фан учун аҳамияти ҳақида сўзлаб, асосий телескоплар — жумладан, 1,5 метрли йирик телескоп ва бошқа кузатув асбобларини таништирдилар. Экскурсия давомида экзопланеталар, кометалар ва юлдуз тўпламларини кузатиш бўйича қизиқарли ҳикоялар тингланди.

Сўнг саккиз кишидан иборат жамоалар ўртасида билимлар беллашуви — викториналар ўтказилди. Ҳар бир жамоага ўзига хос ном берилиб, қоидалар тушунтирилди ва ғолиблар совғалар билан тақдирландилар.
Сўнг меҳмонлар учун самимий суҳбатлар, космос мавзусидаги ўйинлар ва астрономия бўйича кичик викториналар ўтказилди. Шунингдек, “Тунги астрофотография” танлови эълон қилиниб, иштирокчилар штатив ва фототехника ёрдамида юлдузли осмонни суратга олдилар.
Соат 21:30 дан ярим тунгача тунги осмонни телескоплар орқали кузатиш бошланди. Майданакнинг Марказий Осиёдаги энг мусаффо осмонларидан бири иштирокчиларга Сомон йўли, Сатурн, ярим тунда эса Юпитер, шунингдек Вега, Алтаир, Денеб юлдузларини аниқ кўриш имконини берди. Баъзи иштирокчилар Персеид метеор оқимининг илк ёрқин учқунларини ҳам кузатишди. Астрономлар лазерли кўрсаткичлар ёрдамида “юлдузлар харитаси” бўйича ҳам қизиқарли экскурсия ўтказдилар.

Майданак баландтоғ астрономия обсерваторияси — Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Астрономия институтининг асосий кузатув маскани бўлиб, дунёдаги энг яхши астроклимат шароитларига эга. Олимларга кўра, йилига тахминан 2000 соат мусаффо тунлар кузатилади, бу эса юқори сифатли астрономик кузатувлар ўтказиш имконини беради.
Ҳудуднинг Евроосиё материги марказида, дунёдаги йирик астрономик марказлар — Канар ороллари ва Гавайи ороллари оралиғида жойлашганлиги ҳам унинг стратегик аҳамиятини оширади. Шу сабабли Майданак кўплаб халқаро лойиҳаларда фаол иштирок этади, астрофизик объектларни доимий мониторинг қилишда муҳим илмий база ҳисобланади.

Бугунги кунда обсерваторияда олиб борилаётган илмий изланишлар 20 дан ортиқ етакчи халқаро илмий марказлар билан ҳамкорликда амалга оширилади. Улар қаторида Жанубий Корея университетлари консорциуми, Япония Миллий астрономия обсерваторияси, Хитой Фанлар академияси Миллий астрономия обсерваториялари, Франциянинг Нитсса университети, Германиянинг Гёте университети, М.В. Ломоносов номидаги МДУ, Россия Фанлар академияси Қуёш тизими институти, Европа Жанубий обсерваторияси (ЭСО) ва бошқа йирик илмий ташкилотлар мавжуд.
<iframe width="1326" height="746" src="https://www.youtube.com/embed/s-5H-HSu4Ak" title="MAYDANAK — YuLDUZLI OSMON OSTIDAGI ILM VA TURIZM MASKANI" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Айрим ОАВларда тарқалган “Майданак ҳудуди ташландиқ ҳолда” деган хабарларни инкор этган ҳолда олимлар обсерваториядан 4–5 км масофада жойлашган, илгари ҳарбий ўлчов комплекси бўлган ҳудудда Майданак туристик маскани барпо этилаётганини қайд этдилар.
Майданак баландтоғ астрономия обсерваторияси — бу юртимиз илмий салоҳиятининг ёрқин тимсоли, астрономия соҳасидаги халқаро ҳамкорлик маркази ва келажак авлод учун илҳом манбаидир. Мазкур пресс-тур эса иштирокчиларга нафақат ноёб илмий инфратузилмани кўриш, балки юлдузли осмон остида унутилмас кечани бошдан кечириш имконини берди.
Яқин йилларда бу ҳудуд илмий сайёҳлик марказига айланиши, Ўзбекистоннинг жаҳондаги илм-фан харитасидаги мавқеини янада мустаҳкамлаши кутилмоқда.
М.Эшмирзаева, ЎзА