Ўзбекистондаги очиқлик илгари анчайин ёпиқ бўлган идораларга ҳам етиб келди. Куч ишлатар тизим раҳбарларининг журналистлар ва блогерлар қаршисига чиқиб очиқ-ойдин мулоқот қилганини илгари эшитмагансиз ҳам. Энди эса...
Фарғонада вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Азизбек Икромов навбатдаги матбуот анжуманини ўтказар экан, бугунги учрашув саволларингиз тугагунча давом этади, дея эълон қилди. Дарҳақиқат, журналист ва блогерларда саволлар оз эмасди. Аммо генерал уларнинг ҳар бирига батафсил жавоб берди.


Фарғона вилояти криминоген, яъни жиноят сони ва тури ошиб бораётган ҳудудга айланиб қолганди. Сўнгги йилларда эса амалга ошрилган дастурлар, иш услубидаги янгиликлар, раҳбар талабчанлиги ва изчиллиги туфайли оғир жиноятлар 16, енгил тан жароҳати 21, оилавий маиший зўравонлик 37, талончилик 45, босқинчилик 33 фоизга камайди. Ёшлар, аёллар, вояга етмаганлар, муқаддам судланганлар ўртасидаги жиноятчилик эса 22-28 фоизга қисқарди. Бу рақамларга эришиш осон бўлмади, албатта. Ички ишлар тизими ходимларидаги малака ўсиши Президент қарорларида белгиланган вазифаларни бажариш туфайли эди.

–Вилоятимиз ҳудудидаги маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва жиноятлар олдини олиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинган, – дейди Фарғона вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Азизбек Икромов. – Таъкидлаш жоизки, криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар натижасида жорий йилнинг март ойи якунида вилоятда қайд этилган олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар 140 та, маҳалла ҳудудида эса содир этилган олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар 75 тага камайди.

Шу даврда вилоят ҳудудида содир этилган олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар ҳар юз минг аҳоли сонига 24,2 тадан тўғри келиб, ўтган йил шу даври кўрсаткичига нисбатан 14 фоизга, маҳалла ҳудудида олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар ҳар 100 минг аҳолига 14,3тадан тўғри келиб, ўтган йил шу даври кўрсаткичига нисбатан 2,1 тага яхшиланди.
Тўғри, ҳали қилиниши лозим ишлар талайгина. Аммо генерал журналистларга кутилмаган мурожаат билан чиқди.

– Келинглар, биргалашиб ишлайлик, сизлар учун ҳар доим эшигим очиқ, жойлардаги муаммоларни ҳал этишда ҳамкорликка тайёрмиз, – деди у. – ИИБ жамоатчилик кенгаши таркибини қайта кўриб чиқамиз, унга фаол журналистларни ҳам киритамиз.
Матбуот анжуманидаги самимиятдан руҳланган журналист ва блогерлар вилоятда жиноятчиликни камайтириш юзасидан таклифлар киритдилар.
<iframe width="791" height="445" src="https://www.youtube.com/embed/UYeZKA8l8EM" title="Matbuot anjumani: general jurnalistlarni hamkorlikka chorladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кескин саволлар, танқидлар ҳам бўлди, албатта. Лекин очиқлик, бир-бирини тушуниш туфайли Ички ишлар бошқармаси бошлиғи билан бўлган матбуот анжумани “халқ ва ички ишлар органлари – бир тану, бир жон” тамойилига ҳамоҳанг ўтди.
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (сурат, видео), ЎзА