Бугунги кунда юртимизда Судьялар олий мактабида тайёрланаётган номзодлар нафақат билим, балки ахлоқий етуклик мезонлари асосида сараланмоқда. Бу тизим фақатгина иш ўрнига кадр тайёрлаш эмас, балки адолатли суд тизимининг пойдеворини мустаҳкамловчи интеллектуал ва маънавий майдон ҳисобланади.
Тошкент давлат юридик университети “Давлат ва ҳуқуқ назарияси” кафедраси ўқитувчиси Жаҳонгир Қурбонов бугунги кундаги Судьялар олий мактаби фаолияти, судьяликка йўл, тажриба ва ҳуқуқий масъулият ҳақида қуйидагиларни гапирди.
–Тошкент давлат юридик университетини муваффақиятли тамомлаган магистрлар учун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида янги имкониятлар эшиги очилмоқда. Хусусан, улар учун давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, суд-ҳуқуқ тизими ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларида фаолият юритиш, ички ва халқаро лойиҳаларда иштирок этиш, юридик соҳада илмий даража олиш имкониятлари яратиб берилмоқда.
Бу эса уларнинг назарий билимлари ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Хусусан, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар контекстида Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш курси – кадрлар сифатини таъминлашнинг ҳуқуқий ва институционал механизми сифатида ўта муҳим аҳамият касб этади.
Бу таълим дастурининг талаблари Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонуни 68-модда ва Судьялар олий мактабининг тегишли норматив-ҳуқуқий базаси билан тартибга солинади. Ушбу қонуний асосга биноан, судья этиб илк бор тайинланаётган шахслар ушбу мактабда ўқишни мажбурий тартибда ўтадилар.
Судьялар олий мактабининг қабулига қўйилган асосий талаблари шуки, талабгор Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши, олий юридик маълумотга эга бўлиши юридик ихтисослик бўйича камида 7 йиллик иш стажига эга бўлиши ҳамда қабул йилининг 31 декабрига қадар 34 ёшга тўлган бўлиши керак.
7 йиллик меҳнат стажи – номзоднинг ҳуқуқни қўллаш амалиётида етарлича тажриба тўплаганини ва ҳуқуқий фикрлаш қобилиятини шакллантирганини англатади. Бу талаб орқали келажакдаги судьянинг қонун устуворлиги тамойилини теран англаш даражаси, шунингдек, мурожаатлар ва даъволарни холис, мустақил таҳлил қила олиш салоҳияти ҳамда суд этикаси ва касб маданиятига бўлган муносабати синовдан ўтказилади. Мазкур стаж талабининг белгиланиши – бу суд тизимида адолатли, обрўли ва ҳалол кадрлар шаклланишини таъминловчи кафолат ҳисобланади.
2025/2026 ўқув йили учун қабул жараёнининг тиниқ ва шаффоф мезонлари 3 босқичда амалга оширилади. Жумладан, ихтисослик фани бўйича тест, чет тили (инглиз, француз ёки немис) бўйича тест ҳамда иншо ва оғзаки суҳбат қилинади. Бу жараёнлар давлат тилида (ўзбек, қорақалпоқ) амалга оширилади.
Бу тизимда касбий билим билан бирга, анализ қилиш қобилияти, фикрни ёзма ва оғзаки равишда ифода этиш маҳоратлари, ахлоқий баркамоллик каби муҳим жиҳатларга ҳам эътибор қаратилади. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг 2025/2026 ўқув йили учун судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсига ҳужжатлар қабул қилиниши бошланди. Бу жараён 2024 йил 22 июлдан 31 июлгача давом этади.
Судьялик тайёрлов курслари – бугунги кунда мамлакатимизда суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Судьяларнинг касбий ва маънавий салоҳияти, хусусан, уларнинг ҳалоллиги, холислиги ва юксак масъулият ҳисси, суд адолатининг бош мезони ҳисобланади. Суд фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда ҳал қилувчи институт сифатида фақат адолатли ва юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлган мутахассислар орқали самарали фаолият кўрсатиши мумкин.
Судьялар олий мактабининг тайёрлов курслари нафақат таълим жараёни, балки адолатли, масъулиятли ва халқ ишончини қозонадиган судьяларни тайёрлашнинг устувор моделидир.
Бу жараён, судларнинг мустақиллиги ва холислигини таъминлашда, судьялар корпусининг касбий салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади. Фуқароларнинг суд адолатига ишончини мустаҳкамлашдек мақсадларга хизмат қилади. Талабларга қатъий амал қилиш, қабул жараёнининг ошкоралиги ва танлов босқичларининг профессионал баҳоланиши – суд тизимини сифатли кадрлар билан таъминлашнинг гарови.
Судьялик фаолияти нафақат чуқур ҳуқуқий билим, балки шахсий масъулият, ҳаёт тажрибаси ва адолатпарвар дунёқарашни талаб қилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА