Масъулиятли ота-она – баркамол фарзанд пойдевори
Жамият тараққиёти оиладан бошланади. Оиладаги муҳит, тарбия ва эътибор фарзанднинг келажагини белгилайди. Бу жараён ота-она зиммасига шарафли ва айни пайтда катта масъулият юклайди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган масъулиятли ота-оналик лойиҳаси комил ўғил-қизларни тарбиялаб, улғайтиришга, соғлом оилани шакллантириб, барқарор туғилиш кўрсаткичларига эришишга, ирсий ва ногирон туғилишларнинг олдини олишга қаратилгани билан эътиборга сазовор бўлмоқда.
Ана шундай улуғвор мақсадга йўналтирилган лойиҳа доирасида Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида ҳам муайян ишлар амалга оширилаётир. Ўтган йил уни самарали амалга ошириш учун туман оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамкор ташкилотлар билан лойиҳани жорий этишнинг аниқ вазифалари белгиланиб, семинар-тренинг машғулотлари ва бошқа тадбирлар ташкил этилди.

– Бу тадбирларда ҳамкор ташкилотларнинг айнан шу йўналишда фаолият юритадиган вакиллари, бўлимимиз масъул ходимлари, “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, маҳаллий кенгашлар депутатлари фаол иштирок этди, – дейди оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Зулфия Шерова. – Лойиҳа доирасида ташкил этилган семинар-тренинг машғулотларида “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти мутасаддилари оила институти ва хотин-қизлар билан боғлиқ масалалар таҳлили асосида ўтказиладиган тарғибот тадбирлари учун малакали тренерлар жамоасини тайёрлаб, билим ва кўникмаларини оширди. Уларга таълим муассасаларида, маҳаллалар ва меҳнат жамоаларида лойиҳа доирасида ёш оилаларга масъулиятли ота-оналик мезонларини ўргатиш, оилавий муносабатларни барқарорлаштириш, миллий қадриятларга асосланган фаровон ва барқарор оилаларни шакллантириш бўйича илмий, услубий ҳамда амалий ёндашувларни татбиқ этиш вазифалари топширилди.
Туманда бу вазифаларни сифатли амалга ошириш учун “Ота-она оила таянчи”, “Фарзанд тарбияси учун ота-она масъул” каби мавзуларга бағишланган маънавий-маърифий учрашувлар ташкил этиш ажойиб анъанага айланмоқда. Малакали тренерлар маҳалла ва меҳнат жамоаларида “Масъулиятли ота-оналик” лойиҳасини жорий этишда фаол иштирок этиб, таълим муассасалари, маҳалла ва меҳнат жамоаларида ёш оилаларга масъулиятли ота-оналик мезонларини ўргатаётир. Оилавий муносабатларни барқарорлаштириш, миллий қадриятларга асосланган фаровон ва тинч-тотув оилаларни шакллантириш юзасидан илмий, услубий ҳамда амалий ёндашувларни жорий этмоқда.
Туманда 53 та маҳалла мавжуд. Белгиланган режа асосида уларнинг ҳар бирида ташкил этилаётган давра суҳбати, учрашув ва семинарларда аждодларимизнинг фарзанд тарбияси билан боғлиқ удумларимиз, ўғил-қизларни меҳр-оқибат, ҳурмат, ҳалоллик ва ватанпарварлик каби фазилатларимиз асосида тарбиялашнинг аҳамияти ҳақида ҳам сўз юритилмоқда. Ёшларни зарарли иллатлар таъсиридан асраш, интернет, ёмон одатлар ва салбий муҳитдан ҳимоя қилиш, таълимига эътиборни кучайтириш, китобхонлик қобилиятини ривожлантириш каби масалалар юзасидан фикр алмашмоқда. Таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларида ташкил этилаётган тадбирларда маҳаллаларнинг профилактика инспекторлари, хотин-қизлар фаоллари ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда. Бу борада туманда амалга оширилаётган барча ишлар Янги Ўзбекистон равнақи учун ҳар тарафлама соғлом, маънавий баркамол ва чуқур билимга эга ёшларни тарбиялаб, камолга етказишга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлмоқда.
Нигина Шоева,
Шўрчи тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.
ЎзА