Бугунги ахборот асрида инсонлар ўз ҳаётини ижтимоий тармоқларда намоён этиш ва бошқаларнинг ҳаётини кузатиши одат тусига айланган. Айниқса, санъат ва медиа вакилларининг ҳар бир қадами, кийиниш услуби, турмуш тарзи, оилавий ҳаёти кўпчиликнинг диққат-марказида.
Бу ҳолат бир қарашда табиийдек туюлади. Негаки, одамлар севимли ижодкорининг ҳаётидан илҳом олишни, унга ўхшашни исташади. Аммо бу жараён тобора чуқурлашиб, инсоннинг ўз ҳаётига, мақсадлари ва ички дунёсига эътиборини камайтираётганини сезмай қоламиз.
Авваллари машҳурлик деганда истеъдод, меҳнат, ғоя ва бунёдкорлик тушуниларди. Бугун эса бу тушунча маълум қадар ўзгариб машҳурлик энди кўпинча шахснинг ички дунёси ва истеъдоди эмас, балки у тармоқларда қандай акс этишига боғлиқ бўлиб қолгандек. Шу сабабли, кўплаб машҳур инсонлар ўзларининг шахсий ҳаётини оммага тақдим этиш орқали эътибор марказида қолишади. Бу эса томошабин, яъни оддий инсонларда табиий равишда “бегона ҳаётга кириш” ҳиссини кучайтиради.
Лекин, бу жараённинг хавфли томони одамларнинг ўз ҳаёти билан бир қаторда бошқалар ҳаёти билан яшаш одати шаклланмоқда. Бирор санъаткорнинг оилавий муаммоси, ажралиши ёки шахсий фожиаси ижтимоий тармоқларда бир зумда трендга чиқади. Бу ҳодиса эса икки томон - машҳур шахсни ҳам, кузатувчини ҳам руҳий жиҳатдан таъсир остида қолдиради.
Одамзод психологияси қадимдан воқеа, ғийбат ва можароларга қизиққон. Аммо ижтимоий тармоқлар бу табиий қизиқишни янги босқичга олиб чиқди. Энди бу глобал ва тизимли тус олди. Ҳар бир “лайк”, ҳар бир изоҳ ва “story” инсон мияси учун кичик дофамин, яъни роҳатланиш гормонини бермоқда. Шу тариқа, биз бошқаларнинг ҳаётидаги воқеалар орқали ўзимизни вақтинча бахтлироқ ҳис қиламиз. Аммо бу лаззат ўткинчи, у на ички бўшлиқни тўлдиради, на мақсад беради.
Аслида, ўша дофаминни фойдали йўналишга, мисол учун ижодга, ўқишга, шахсий ривожланишга сарфласак, натижа анча барқарор ва мазмунли бўларди. Бироқ, инсон онги осон йўлни танлайди, ўйлашни, меҳнат қилишни талаб қилмайдиган, аммо тез завқ берадиган нарсаларга берилади.
Баъзи ҳолларда, жамиятимизда инсонларнинг асосий муаммоларга эътибори камайиб, иккинчи даражали мавзуларни марказга қўймоқда. Бошқаларнинг ҳаёти, ажралишлари, шахсий муносабатлари миллионлаб муҳокамаларни келтириб чиқаради. Аммо ўша пайтда ижтимоий, иқтисодий, маънавий муаммолар соя остида қолади.
Бу “ёпиқ кўзлар” давридек гўё. Инсон ўз ҳаётини ўзгартиришга эмас, балки бошқалар ҳаётини таҳлил қилишга вақт сарфлайди. Шундай пайтда савол туғилади: биз ҳақиқатан ҳам яшаяпмизми ёки бошқаларнинг ҳаётини кузатиб кун ўтказяпмиз-ми?
Инсон ўз ҳаёти ва мақсадларини биринчи ўринга қўймаса, у ўзлигини йўқота бошлайди. Бошқаларнинг “драмалари”ни кўриб яшаш кишини руҳий жиҳатдан чарчатади, ҳаётга нисбатан норозилик ҳиссини кучайтиради. Чунки доимий таққослаш ва кузатиш инсонни ўз имкониятларидан норози қилади.
Ижтимоий тармоқлар замонавий ҳаётнинг ажралмас қисми, лекин у ҳаётнинг айнан ўзи эмас. Биз уни тўғри фойдаланиш, чегараларни билиш, руҳий мустақилликни сақлаш орқали фойдали воситага айлантира оламиз. Ҳар бир инсоннинг ўзига хос ҳаёт йўли, мақсади ва ҳаёт фалсафаси бор. Бегона ҳаётга ҳаддан зиёд берилиш эса ўзлигимизни йўқотишга олиб келади.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА