Ватанимиз тарихидаги 19 август санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1422 йил (бундан 603 йил олдин) – темурийзода Муҳаммад Жўгийнинг ўғли мирзо Мухаммад Қосим дунёга келди. Бу воқеани тарихчи олим Абдураззоқ Самарқандий қуйидагича қайд этган: “Саодат хабарчилари: «салтанат юлдузи иқбол матлаидан тулуъ қилди ва давлат кавкаби подшоҳлик уфқидан болқиди», – деб башорат бердилар; рамазоннинг бошида мирзо Муҳаммад Қосимнинг талъатидан жаҳон рўшнолик топди, олам юзи унинг зоҳир бўлиш нуридан янгидан равнақ касб этди. «Фарзанд – юрак мевасидир» (сўзи)нинг мазмуни бўлмиш бу туғилишнинг содир бўлишидан мирзо Муҳаммад Жўгийнинг умид ва хотиржамлик ниҳоли ва шодмонлик дарахтининг меваси униб чиқди ҳамда у нури дийданинг ҳумоюн талъати ва ўтли ҳилолидан жон кўзининг равшанлиги ортди. Мирзо Муҳаммад Жўгий катта тўй тузди ва давлат арконлари ҳам (ҳоқони саид Шоҳрух мирзо) ҳазратларининг аъёнларига инъому икромлар кўрсатди”.
1498 йил (бундан 527 йил олдин) – темурийзода Султон Ҳусайнга замондош бўлган, унинг давлатидаги машҳур табиблардан бири, Алишер Навоий томонидан барпо этилган Дорушшифода ишлаган Мавлоно Қутбиддин Муҳаммад Одам вафот этди. Бу воқеани тарихчи олим Хондамир қуйидагича баён этган: “Мавлоно Қутбиддин Муҳаммад Одам замон табибларининг энг билимдони ва даврон ҳакимларининг энг афзали бўлиб, касалликларни даволаш ва хасталикларни аритишда Масиҳо нафасини намоён қиларди. Аммо яхши хулқ билан тавсифланмаган эди. 904 йил бошларида охират оламига кетди”.
Хондамир мазкур таббибни ўз даврининг Буқроти (Гиппократи) ва Жолинуси (Галени) деб ҳам эътироф этади. “Олиймақом амир (Алишер)нинг, эътиқоди ва чиройли ҳиммати туфайли, – деб ёзади Хондамир, – ўз қадамини улуғлик ва шуҳрат чўққисига қўйди ва бир неча муддат онҳазрат (Алишер)нинг Дорушшифосида дарс бериб турди. Охири одамларнинг ғийбати туфайли бу ишдан воз кечди”. Шарқшунос олим Маҳмуд Ҳасанийнинг ёзишича, ўрта аср шароитида, одамлар орасида иғво ва бўҳтон авжига чиқанини бу парчадан яққол сезиш мумкин. Демак, мавлоно Қутбиддиннинг душманлари шундай буюк табибга иғво тошини отиб, ўз ишидан кетишга мажбур қилишган.
1886 йил (бундан 139 йил олдин) – Ўзбекистан халқ рассоми Александр Волков таваллуд топди (вафоти 1957 йил). У ўз ижод намуналарида Ўзбекистан манзаралари ва кишиларини гавдалантирган. Асарларида миллий характер, меҳнатсеварлик, ҳаёт шавқи акс эттирилган.
1932 йил (бундан 93 йил олдин) – Ўзбекистон Халқ Комиссарлари Кенгаши ва Марказий Ижроия Қўмитасининг қарорига асосан Ўзбекистон ҳунармандчилик иттифоқи ва унинг таркибига кирган мавжуд бирлашмалар тугатилди ҳамда маиший хизмат кўрсатиш тизимидаги умумий раҳбарлик қилиш янги ташкил этилган Ўзбекистон ҳунармандчилик кенгашига берилди.
1946 йил (бундан 79 йил олдин) – иммунолог олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Фируз Ғариб таваллуд топди. Олимнинг илмий фаолияти иммунология, вирусология ва микробиологияга оид. Унинг раҳбарлигида мамлакатимизда илк бор организмнинг иммун ҳолатини тикловчи “Иммуномодулин” препарати ишлаб чиқилган.
1994 йил (бундан 31 йил олдин) – Москвада Ўзбекистон билан Грузия Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш ҳақида Протокол имзоланди.
1999 йил (бундан 26 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Пезидентининг “Тошкент давлат аграр университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Пезидентининг “Автомобиль транспортида юк ташувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Президент қарори билан “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони таъсис этилди. Мазкур кўкрак нишони билан мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўринларини яратиш, инновациялар жорий қилиш, солиқларни ўз вақтида тўлаш, маҳсулот ва хизматларни экспорт қилиш, етук мутахассислар тайёрлаш ҳамда бизнесдаги муваффақиятлари ва ижтимоий фаоллиги билан барчага намуна бўлаётган тадбиркорлар тақдирланади.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳрида «International inclusive hub» халқаро таянч инклюзив профессионал таълим маркази фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА