Парламентлараро Иттифоқ 150-юбилей ассамблеяси муваффақиятли якунланди. Энг муҳими, унда бутун дунё халқлари ҳаётига дахлдор ҳужжатлар қабул қилинди.
ЎзА мухбири Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби, Ўзбекистон Республикаси «Дўстлик» ордени соҳиби Мартин Чунгонг билан шу ҳақда суҳбатлашди:
– Ўзбекистон пойтахтида ўтган тарихий ассамблея Тошкент декларацияси билан якунлаганидан жуда мамнунман. Декларация нафақат глобал парламент ҳамжамиятининг қарашларини, балки бир неча кун аввал ассамблеяга мурожаат қилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фикрларини ҳам ўзида акс эттирди.
Жаноби олийлари камбағалликдан фаровонликка ўтиш, кучли ижтимоий ҳимоя тизимларини қуриш, ислоҳотлар орқали фуқаролар ҳаётини яхшилаш ҳақида гапирди. Ўзбекистондаги ислоҳотлар ҳақида алоҳида тўхталди.
Тошкент декларацияси биз учун муҳим ҳужжат бўлиб, у парламентлар аъзолари дунё бўйлаб одамлар фаровонлиги йўлида янада фаол ва қатъий ҳаракат қилишларига замин яратди.

Тошкентдаги бу тажриба биз учун ажойиб натижа бўлди. Насиб этса, келаси сафар яна қайтамиз. Эҳтимол, кейинги манзилимиз – Самарқанд бўлар.
Барчаси учун, юксак даражадаги ташкилий ишлар, юксак эътибор учун сизларга катта раҳмат!
Эслатиб ўтамиз, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 7 апрелдаги “Мартин Пуквареке Чунгонгни Ўзбекистон Республикасининг «Дўстлик» ордени билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига асосан, Ўзбекистон Республикаси ва Парламентлараро Иттифоқ ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни изчил ривожлантириш ва чуқурлаштириш борасидаги кўп йиллик самарали фаолияти, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги устувор қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш, парламент дипломатияси ҳамда минтақалараро алоқаларни, очиқ ва конструктив сиёсий мулоқотни илгари суришга бевосита қўшган катта ҳиссаси, шунингдек, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини дунё миқёсида кўтаришдаги амалий саъй-ҳаракатлари учун Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Пуквареке Чунгонг Ўзбекистон Республикасининг «Дўстлик» ордени билан мукофотланди.
Норгул Абдураимова, ЎзА