Саёҳат дунёқарашни кенгайтиради, инсонга янги, ҳаяжонли хотиралар бахш этади. Саёҳат давомида киши қадимий шаҳарлар, тарихий ёдгорликлар, табиат манзаралари ва турли миллатлар маданияти билан танишади.
Хитой Халқаро матбуот маркази (CIPCC) томонидан ташкил этилган 2025 йилги таълим лойиҳаси иштирокчилари сафарнинг навбатдаги кунида Пекин шаҳридан жануби-ғарбда жойлашган Лугоуцяо (Марко Поло кўприги) мажмуасига бордилар.

Қайд этиш жоиз, мазкур иншоотнинг асосий қисми Юань сулоласи ҳукмронлиги даврида қурилган бўлса-да, баъзи қисмлари анча аввалдан мавжуд эди. Кўприкнинг аталиши машҳур сайёҳ Марко Поло номи билан боғлиқ. XIII асрда у ўз тасаввурини шундай ифодалаган: Бундай ажойиб кўприкнинг қиёси дунёнинг бошқа жойида топилмаса керак.
Маълумотга кўра, 1189-1192 йилларда гранит тошдан барпо этилган иншоот бир неча марта таъмирланган, 1698 йил қайта қурилган.

Узунлиги 266,5 метр, кенглиги 9,3 метр. Асосий безаги – қадимий шер ҳайкали. Ҳар бир ҳайкалнинг боши, панжаси ёки танасининг бошқа қисмида митти шерчалар тасвирланган.

Кўприк очилган вақтдаги 627 ҳайкалдан ҳозирги кунгача 482 (айрим манбаларга кўра 496)таси сақланган. Кўприк Юндинхэ (ҳозирги Абадий тинчлик) дарёси устидан ўтади. Бу гўзал манзара ҳар йили минглаб сайёҳларни чорлайди.

Поло кўпригига келганлар Пекин тарихи ва Хитой меъморчилигининг бой анъаналарига ошно бўлади. Шунинг учун ҳам бу мажмуа нафақат тарихий ёдгорлик, балки туристик марказ сифатида ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА
Хитой, Пекин