Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда тез-тез учраётган Лабубу номли персонаж болалар, айниқса ёшлар орасида оммалашмоқда. Ташқи кўринишида “ёқимли” элементлар аралашган бўлса-да, чуқурроқ таҳлил бу образ ортида хавотирли жиҳатларни очиб беради. Аслида Лабубу шунчаки тренд эмас, у ёш онгга таъсир этувчи оммавий маданиятни ифодаловчи маҳсулотдир.
Лабубу ўйинчоғи 2015 йилда илк бор Хитойда ишлаб чиқарилган. 2019 йилда Поп Март билан ҳамкорлик натижасида кенг оммага танилди. Бу ҳамкорлик Лабубунинг коллекционерлари орасида оммалашувига сабаб бўлди.
2025 йилга келиб, Лабубу бренди остида 300 хилдан ортиқ ўйинчоқлар ишлаб чиқарилди. Улар ўлчами ва нархлар бўйича фарқланиб, 3 дюмли фигура 15 доллардан, 31 дюмли “мега” қўғирчоқ эса 960 долларгача нархланади.
Лабубу образининг визуал таҳлилига келадиган бўлсак, ўйинчоқ бир қарашда ёқимли, аммо бироз қўрқинчли кўринишни гавдалантирган. Унинг чақчайган кўзлари, майда бўйли гавдаси, очиқ тишли табассуми ва ҳурпайган жунлари уни ноанъанавий образга айлантирган. Бу эса оммавий маданиятда “антиқаҳрамонлар” модасига мос тушади.

Сўнгги йилларда “beautiful darkness” яъни “чиройли ёмонлик” тушунчаси ижтимоий тармоқларда кучайиб бормоқда. Лабубу ана шундай трендларнинг маҳсули. Аммо бу эстетика, айниқса ёшлар ва болалар онгида гўзаллик меъёрларининг ўзгаришига сабаб бўлмоқда.
Лабубу образининг бу даражада оммалашувига сабаб кучли маркетинг стратегияси. ТikТok ва инстаграмда #labubu билан боғлиқ миллионлаб видеолар, дўстлик ҳазиллари ҳаттоки макияж трендлари орқали бу образ оммага сингиб бормоқда. Бу эса уни шунчаки ўйинчоқ эмас, балки ноодатий феноменга айлантирмоқда. Мазкур феномен ортидан болалар психологияси ва ота-оналик масъулиятига бефарқ ёндашилаётганини ҳам кўриш мумкин.
Психологларнинг таъкидлашича, 3-10 ёш оралиғидаги болалар кўрган ва ўйнаган образларидан таъсирланади. Уларни идеал сифатида қабул қилади. Лабубу каби ғайриоддий, бироз тажовузкор ва ифодаси қоронғу персонажлар болаларда хавотир ҳиссини кучайтириши, пассив-агрессив хатти-ҳаракатларга мойиллик ҳиссини келтириб чиқариши мумкин. Шунингдек, Лабубу орқали ёшлар онгида “Қўрқинчли, лекин машҳур” образларга мойиллик кучаяди. Бу эса ижтимоий онгда зўравонлик, ёвузлик, тажовузкорлик сингари тушунчаларни нормал кўринишда қабул қилишига сабаб бўлади.
Ўзбек миллий қадриятларида образлар, эртаклар ва дидактик ўйинлар болаларда ижобий фазилатларни шакллантиришга хизмат қилган. Алпомиш, Барчиной, Зумрад каби образлар орқали болалар жасорат, иймон, меҳнат ва яхши хулқ каби тушунчаларни ўрганишган. Лабубу образининг оммалашуви эса бу қадриятлар билан зиддиятга киради. Унда маънавий куч, эзгулик ёки ўрнак бўладиган хулқ йўқ. Аксинча, унинг машҳурлиги орқали болалар онгида “Ғалати бўлиш – бу машҳур бўлишнинг калити” деган нотўғри хулоса пайдо бўлиши мумкин.
Лабубу сингари образлар замонавий маданиятда ўз ўрнини топган бўлиши мумкин. Аммо уларни ҳар бир контекстда айниқса, болалар ва ўсмирлар дунёсида танқидий таҳлил қилиш зарур. Бу образнинг улар дунёқараши ва жамият қарашларига салбий таъсирини инобатга олган ҳолда, унга онгли ёндашув зарур. Трендлар келади ва кетади, аммо руҳиятда қолдирган из абадий бўлиши мумкин.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА