«Central Asian Innovation Hubs» альянси қисқа вақт ичида сезиларли натижаларга эришиб, янада кенгайиб, Марказий Осиёнинг глобал миқёсдаги бирлашган инновацион минтақа сифатидаги мавқеи мустаҳкамланди.
Марказий Осиёдан 100 дан ортиқ стартап «Central Asian Innovation Hubs» доирасида тўққизта йирик халқаро технологик кўргазмаларда, жумладан, “Web Summit Lisbon”, “TechCrunch Disrupt”, “GITEX Global”, “WAIC Shanghai”, “InMerge” каби тадбирларида иштирок этди. Мувофиқлаштирилган халқаро иштирок Марказий осиёлик стартап асосчиларининг танилишини оширди ва минтақани ягона, ривожланаётган инновациялар бозори сифатида намоён этди.
Бундай фаоллик аниқ инвестициявий натижаларга айланди. Хусусан, «Central Asian Innovation Hubs» платформаси орқали тақдим этилган Ўзбекистон стартаплари 82 миллион доллардан ортиқ маблағ жалб қилди. Бунда 10 дан ортиқ компания альянс томонидан ташкил этилган халқаро кўргазмалар, питч-сессиялар ва нетворкинг тадбирлари якунлари бўйича инвестицияларни қўлга киритди.
2025 йилда альянс халқаро бозорларга тизимли чиқишга йўналтирилган ривожланишнинг янги босқичига қадам қўйди. Ҳозирги вақтда Марказий Осиёдаги 30 дан ортиқ стартап Қозоғистон ва БААдан тортиб АҚШгача бўлган асосий йўналишларда ўз фаолиятини кенгайтирмоқда.
АҚШ бозорига кириш “Draper University” (Hero Training), “AlchemistX” вa “Silicon Valley Residency” каби етакчи дастурлар орқали амалга оширилмоқда. Бу эса Марказий осиёлик асосчиларга глобал менторлар, инвесторлар ва биринчи мижозлар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш имконини берди.
Яқин Шарқда IT Park Uzbekistan va “Astana Hub”нинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан “GITEX Global Dubai” доирасида Марказий Осиё стартапларини MENA бозорига чиқишда қўллаб-қувватловчи “Tumar Innovation Hub” ишга туширилди.
Шу билан бир қаторда, Дубайда “Digital Startups Scale Up” дастури амалга оширилди ва уни Марказий Осиёнинг 10 та стартапи муваффақиятли якунлади. Бу эса минтақанинг мувофиқлаштирилган халқаро кенгайишида муҳим босқич бўлди.
Бундан ташқари, альянс Шанхайда ўз фаолиятини кенгайтириб, у ерда Марказий Осиё ва Хитойнинг инновацион экотизимларини боғловчи биринчи платформа — “Khan-Tengri Innovation Hub” очилди. Биринчи акцелерация дастури 2026 йилнинг бошига режалаштирилган бўлиб, унда иштирок этиш учун Марказий Осиёнинг саккизта стартапи танлаб олинган.
Минтақавий интеграция альянснинг асосий устуворлиги бўлиб қолмоқда. “Kazakhstan Market Entry Program” доирасида 10 та Ўзбекистон стартапи ўз ечимларини қозоғистонлик ҳамкорларга тақдим этди. Қозоғистоннинг 10 та стартапи эса “Digital Startup Awards” акцелерация йўналиши доирасида Ўзбекистон бозорига кирди. Бу минтақа ичида технологиялар, истеъдодлар ва бозор имкониятларининг икки томонлама оқимини яратди.
Айни дамда Тожикистон платформанинг янги иштирокчисига айланди. Ушбу қадам Марказий Осиёнинг ўзаро боғланган, инвестициявий жозибадор ва глобал аҳамиятга эга инновацион минтақа сифатидаги салоҳиятини кучайтиради. Японияда бўлиб ўтган биринчи “C5+1” саммити доирасида IT Park Uzbekistan бош директори Абдулаҳад Кучкаров, “Astana Hub” бош директори Магжан Мадиев ва “IT Park Dushanbe” бош директори Темур Ҳисамутдинов томонидан меморандум имзоланди.
Тожикистоннинг қўшилиши «Central Asian Innovation Hubs» ташаббусининг амалий ёндашувини акс эттиришини таъкидлади.
Альянснинг кенгайиши ҳақида фикр билдирар экан, “Тажрибамиз шуни кўрсатадики, экотизимлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва биргаликда ишлаш орқали биз минтақа ва стартапларимизни глобал ҳамжамиятга тезроқ ва самаралироқ интеграция қила оламиз. Ягона альянс таркибида фаолият юритиш бизни халқаро миқёсда кучлироқ ва сезиларлироқ қилади. "IT Park Dushanbe"ни "Central Asian Innovation Hubs"га қўшиш орқали биз ушбу синалган моделни Тожикистон стартапларига ҳам татбиқ этамиз ва уларга минтақада аллақачон мавжуд бўлган халқаро имкониятлардан фойдаланиш йўлини очамиз”, дейди IT Park Uzbekistan бош директори Абдулаҳад Кучкаров.
– Тожикистоннинг «Central Asian Innovation Hubs»га қўшилиши кучли ва ўзаро боғлиқ минтақавий экотизимни шакллантириш йўлидаги муҳим қадамдир. Саъй-ҳаракатларни бирлаштирган ҳолда, Марказий Осиё стартаплари халқаро бозорларга янада самаралироқ кириб бориш имконига эга бўлади. Ишончимиз комилки, Тожикистон билан яқин ҳамкорлик инновацион технологиялар ривожини тезлаштиради, қўшимча инвестицияларни жалб қилишга ёрдам бериб, минтақанинг глобал майдондаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлайди, — деди “Astana Hub” бош директори Магжан Мадиев.
– Ушбу меморандум Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон IT-парклари ўртасида IT-секторни ривожлантириш учун асос яратади, шунингдек, ахборот технологиялари, инновациялар ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади, — деб таъкидлади «IT Park Dushanbe» директори Темур Ҳисамутдинов.
«Central Asian Innovation Hubs» кенгайишда давом этар экан, унинг узоқ муддатли мақсади аниқ – Марказий Осиё стартапларига инвестиция жалб қилиш, халқаро бозорларга чиқиш ва глобал миқёсда рақобатлашиш имконини берувчи барқарор трансчегаравий инновацион платформани шакллантиришдир. Бу эса алоҳида миллий экотизимлар сифатида эмас, балки салмоқли кўлам, обрў ва глобал амбицияларга эга ягона минтақа сифатида амалга оширилади.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА