Давлатимиз раҳбарининг Японияга расмий ташрифи ва “Марказий Осиё + Япония” биринчи саммити мавзуси япон оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда.
Хусусан, “The Japan News” нашри Президентимизнинг Токиога сафарини шарҳлар экан, “бу ташриф узоқ йиллар давомида изчил ривожланган сиёсий, иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди”, дея қайд этади.
Шунингдек, япон газетаси диёримизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратган. Айниқса, нашр икки ўлка ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар, қўшма корхоналар, энергетика, транспорт ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳаларни стратегик аҳамиятга эга, дея баҳолайди.
– Ўзбекистон – Япония дўстлик жамиятлари, таълим ва академик алмашинув дастурлари, маданий тадбирлар халқлар ўртасидаги ўзаро англашувни янада чуқурлаштирмоқда, -деб ёзади муаллиф.
Шунингдек, япон таҳлилчилари “Марказий Осиё + Япония” саммити ҳақида тўхталиб, мазкур мулоқот минтақада барқарорлик, инфратузилмавий боғлиқлик ва иқтисодий хавфсизликни таъминлашга қаратилган муҳим платформага айланаётганини эътироф этган.
Д.Ҳакимов, ЎзА