Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
“Инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий адолат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўлида ҳамкорлик” мавзусидаги нуфузли анжуманда Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери У Вон Сик, Қозоғистон Республикаси парламенти Мажлиси раиси Ерлан Кошанов, Тожикистон Республикаси Мажлиси Оли Мажлиси Намояндагон Раиси ўринбосари Азиз Кодир Гиёзода, Қирғиз Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дуйшонқул Чотонов иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева мазкур учрашув Марказий Осиё минтақасида шаклланиб бораётган янги сиёсий динамика, парламентлараро ишонч ва мулоқотнинг мустаҳкамланишида муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Марказий Осиё давлатлари ўртасида олий даражадаги мулоқотлар тизимли тус олиб, минтақанинг жаҳон майдонидаги ўрни мустаҳкамланиб бораётгани, парламентлараро ҳамкорлик эса бу жараённинг муҳим пойдевори сифатида шаклланаётгани қайд этилди.
Ялпи мажлисда сўзга чиққан делегация раҳбарлари мунтазам давом этаётган учрашувларининг аҳамиятини таъкидлаб, мазкур формат Марказий Осиё ва Корея Республикасини боғлайдиган муҳим мулоқот майдонига айланганига эътибор қаратди.
– Марказий Осиё мамлакатлари ва Корея Республикаси халқларини ўхшаш тарихий анъаналар, умумий қадриятлар, тинчлик, барқарорлик ва барқарор ривожланишга интилиш бирлаштиради, – деди Т.Норбоева. – Бу эса ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлаш учун мустаҳкам пойдевор яратади. 2023 йилда "Марказий Осиё + Корея" парламентлараро форматининг ташкил этилгани ушбу ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим қадам бўлди. Парламентлараро ва ҳукуматлараро мулоқотнинг изчил ривожланиши, ҳамкорликни янада юқори босқичга олиб чиқиш учун муҳим майдонга айланди. Шу ўринда давлат раҳбарларининг “Марказий Осиё ва Корея Республикаси” форматидаги биринчи саммити 2026 йилда ўтказилиши режалаштирилганини таъкидлаш муҳим. Ишончимиз комилки, бўлажак саммит ҳамкорлигимиз ривожланишида янги босқични бошлаб беради. Стратегик шериклик мустаҳкамланиши ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш учун янги йўналишларни белгилаб беради.
Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери У Вон Сик инсоният учун муҳим бўлган тинчликни сақлаш, барқарорликни таъминлаш бугунги кунда жуда долзарблигини таъкидлади. Бу борада мамлакатлар бирдамлиги жуда муҳим. Сир эмаски, урушлар, юзага келаётган инқирозли ҳолатларга жуда катта маблағ сарф этилмоқда. Ваҳоланки, бу пуллар тинчликка, таълимга сарфланиши ҳам мумкин эди. Агар шундай бўлганида дунё бўйлаб ижтимоий адолат ўрнатилган, аҳолининг соф атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқлари ҳимояланган, инсон қадр-қиммати амалда таъминланган бўлар эди. Ана шундай мақсад йўлида биз ҳамкорликни кенгайтириб боришимиз зарур. Глобал ҳамкорликни йўлга қўйсак, кўзлаган мақсадларимиз амалга ошади.
Йиғилиш доирасида “Иқтисодий ҳамкорлик, рақамли трансформация ва саноат: минтақа давлатларининг фаровонлиги йўллари” мавзусида сессияда икки минтақа ўртасида амалга оширилган йирик қўшма лойиҳалар, кенгайиб бораётган шериклик ва мустаҳкамланиб бораётган ўзаро ишонч эътироф этилди.
Сессия якунида иқтисодий ҳамкорликни стратегик йўналиш сифатида ривожлантириш, қўшма технологиялар ва саноат кластерларини шакллантириш, шунингдек, рақамли интеграция ҳамда яшил иқтисодиёт бўйича лойиҳаларни яқин истиқболда амалга оширишга келишиб олинди.
«Барқарор ривожланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш: экологик ташаббусларни амалга оширишни таъминлашда парламентлар роли» мавзусидаги сессияда парламентларнинг экологик ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишдаги ўрни, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган қонунчилик базасини такомиллаштириш ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда қонун чиқарувчи органларнинг масъулиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчилар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва барқарор ривожланиш соҳасида парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳим эканини таъкидлади.
Йиғилиши доирасида “Марказий Осиё мамлакатлари ва Жанубий Корея парламентларининг ахборот-таҳлилий таъминоти: тажриба ва истиқболли тенденциялар” мавзусидаги давра суҳбатида рақамли ўзгаришлар шароитида қонун ижодкорлиги ва назорат жараёнлари самарадорлигини ошириш бўйича амалий йўл-йўриқлар ишлаб чиқиш масалалари кўриб чиқилди. Қонунчилик сифатини ошириш, шунингдек, минтақада парламентлараро ва экспертлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг асосий омиллари сифатида парламентларнинг илмий-таҳлилий таъминотини тизимли ривожлантириш ва инновацион технологияларни жорий этиш муҳимлиги қайд этилди.
Нуфузли анжуман давомида Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг биргаликдаги сессия учрашувлари, парламентлар раҳбарларининг алоҳида икки томонлама учрашувлари, парламентлараро комиссиялар, дўстлик гуруҳлари аъзоларининг учрашувлари, парламентларнинг ақл марказлари ва илмий доиралари иштирокида қонунчилик соҳасидаги илғор тажрибалар муҳокама этилди.
Барқарор ривожланиш мақсадларини назорат қилиш бўйича парламент комиссияларининг қўшма мажлислари ўтказилди. Мамлакатимиздаги миллий-маданий марказлар иштирокида Марказий Осиё ва Корея халқлари маданияти кечаси ташкил этилди.
Форум якунида Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари ўртасидаги келишувлар ҳамда истиқболдаги ҳамкорлик йўналишларига қаратилган Қўшма декларация қабул қилинди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/BaYCNT_LAq0?si=Z5VB7gSroISADVbs" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
Дониёр Ёқубов (видео),
Анвархўжа Аҳмедов (монтаж),
ЎзА