Марказий Осиё минтақа сифатида бугунги кунда халқаро муносабатларда тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Геосиёсий, иқтисодий ва стратегик жиҳатдан ўта муҳим ҳудуд саналган бу минтақа дунёдаги йирик давлатлар ва халқаро ташкилотлар диққат марказида турибди.
Бугун пойтахтимиздаги Тошкент давлат шарқшунослик университетида “Замонавий халқаро муносабатларда Марказий Осиё: барқарорлик ва тараққиёт истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Унда Марказий Осиё давлатларининг нуфузли олимлари, сиёсатчилар, халқаро ташкилотлар вакиллари ва экспертлар иштирок этди.
[gallery-23414]
Конференцияда минтақа давлатлари ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш ва барқарор ривожланиш йўлида муҳим ютуқларга эришаётгани ва бунда Ўзбекистоннинг очиқ ташқи сиёсати ҳамда қўшни давлатлар билан яқин алоқалар ўрнатишга қаратилган ташаббуслари минтақа барқарорлигини таъминлашдаги асосий омиллардан бири сифатида эътироф этилди.
Тадбир иштирокчилари “Марказий Осиё – умумий манфаатлар минтақаси” ғоясини илгари суриш ва уни амалда қўллаш борасидаги саъй-ҳаракатларни юқори баҳоладилар. Шунингдек, тараққиёт истиқболлари борасида Марказий Осиё давлатларининг рақамли иқтисодиёт, яшил энергетика ва инновацион технологиялар соҳасида катта салоҳиятга эга эканлиги айтиб ўтилди.
– Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қолаверса, хавфсизлик соҳасида умумий таҳдидларга қарши биргаликда курашиш бўйича катта қадамлар қўймоқда, -деди сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Суҳроб Бўронов ЎзА мухбирига берган интервьюсида. – Этиборлиси, минтақа мамлакатлари иқтисодий ислоҳотлар, транспорт ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш, рақамли иқтисодиётга ўтиш борасида ҳам муҳим дастурларни амалга ошириб келмоқда. Шу билан бирга, ёшлар сиёсати, таълим, маданият ва туризм соҳаларида ҳам истиқболли лойиҳалар йўлга қўйилган.
Қайд этиш керак, замонавий халқаро муносабатларда Марказий Осиё нафақат стратегик ҳудуд сифатида, балки мустақил ташқи сиёсат юритаётган, иқтисодий ислоҳотларга интилган ва минтақавий барқарорликни таъминлашга интилувчи субъект сифатида намоён бўлмоқда. Барқарор ривожланиш ва жаҳон иқтисодиётига чуқурроқ интеграцияланиш орқали минтақа яқин йилларда халқаро майдонда янада муҳим роль ўйнаши мумкин.
Умуман олганда, мазкур халқаро конференция Марказий Осиё давлатларининг замонавий халқаро муносабатлардаги ўрнини таҳлил этувчи ва стратегик масалаларни муҳокама қилиш учун муҳим платформа сифатида аҳамият касб этди, дейиш мумкин.
М.Сайфуллаев, Р.Назарматов (сурат), ЎзА