Минтақада қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизация қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва барқарор ривожланишни таъминлаш мақсадида Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида изчил ишлар олиб борилмоқда. Шу мақсадда пойтахтимизда Марказий Осиё давлатлари қишлоқ хўжалиги вазирларининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.
Мазкур тадбир минтақа мамлакатлари ўртасида аграр соҳадаги ўзаро алоқаларни ривожлантириш, илғор тажрибалар алмашиш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш бўйича муҳим мулоқот майдонига айланди. Йиғилишда қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилган ютуқлар, мавжуд имкониятлар ва истиқболдаги устувор йўналишлар юзасидан фикр алмашилмоқда.
Йиғилиш аввалида иштирокчиларга мамлакатимиз аграр соҳа олимлари томонидан яратилган янги навлар, селекция ишлари, эришилган ютуқлар ҳақида батафсил маълумот бериб ўтилди.
[gallery-26153]
Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Қирғиз Республикасининг сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири ўринбосари Асел Кененбаева, Тожикистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Нурали Асозода, Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Эрбол Тасжуреков, Туркманистоннинг Ўзбекистон Республикасидаги Элчихонаси ходими Айна Йўлдашева, шунингдек, маҳаллий ва халқаро ташкилотлар ходимлари иштирок этмоқда.
Ушбу йиғилиш минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қўшма аграр лойиҳаларни амалиётга жорий этиш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Кун тартибида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ўзаро икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш, замонавий технологияларни жорий этиш, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ва аграр соҳада умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов йиғилишда сўзга чиқиб, мамлакатимизда аграр соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ва эришилаётган ютуқлар ҳақида маълумот берди.
Вазир ўз нутқида сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми барқарор ўсиб бораётганини таъкидлаб, бу ҳолат минтақанинг ягона аграр маконга айланиш йўлида муҳим ишора эканини қайд этди.
Йиғилиш якунида минтақавий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, инновацияларни жорий этиш, сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган Марказий Осиё Қишлоқ хўжалиги вазирликлари ўртасида қўшма декларация ҳамда 2030 йилгача минтақада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган Ҳаракатлар режаси имзоланди.
Ушбу ҳужжатлар минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш, аграр соҳада билим ва технологиялар алмашинувини кенгайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда биргаликдаги ташаббусларни илгари суришда муҳим босқич бўлиб хизмат қилади.
Марказий Осиё давлатлари қишлоқ хўжалиги вазирларининг ушбу йиғилиши минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, аграр соҳада илғор тажрибалар алмашинуви ва инновацион технологияларни жорий этишга қаратилган муҳим қадам бўлди.
Тадбир доирасида имзоланган қўшма декларация ҳамда 2030 йилгача мўлжалланган Ҳаракатлар режаси минтақада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, барқарор ривожланишни таъминловчи аграр сиёсатни шакллантириш ҳамда умумий манфаатларга хизмат қилувчи ташаббусларни амалга оширишда муҳим йўл харитаси бўлиб хизмат қилади.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
Ўктам Ҳайитов (сурат)
ЎзА