ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимиздаги «Пахтакор» қиличбозлик мажмуида Марказий Осиё чемпионати баҳслари давом этмоқда.
Бугун чемпионат доирасида қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича яккалик мусобақалари бўлиб ўтди. Унда 13 ёшгача бўлган 68 нафар спортчи қатнашди.
Мусобақа якунларига кўра, қизлар ўртасидаги беллашувларда барча ўринлар спортчиларимизга насиб этди. Солиҳа Абдужабборова ғолиблик шоҳсупасининг энг юқори поғонасидан ўрин олган бўлса, 2-ўринни Перизат Мавленбергенова эгаллади. Лола Мирзаева ва Замоной Жиенгалиевалар 3-ўрин билан қаноатланди.
[gallery-26821]
Ўғил болалар ўртасидаги баҳслар ҳам кескин ва муросасиз курашларга бой бўлди. Олтин медаль Диёрбек Махсетовга насиб этди. Кумуш медалга эса Асланбек Усмонов эга чиқди. Бронза медали билан Муҳаммадризо Ниёзов ҳамда Расул Кайпанов тақдирланди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан таъсис этилган медаль, диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Эртага сабля йўналишининг жамоавий баҳслари бўлиб ўтади.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА