Ўзбекистон Марказий банки тижорат банкларига мурожаат йўллаб, банк илoвалари орқали хизмат кўрсатишда истеъмолчининг розилиги бўлмаган қўшимча хизматларни «умумий оферта» орқали мажбурий қабул қилдириш амалиётига чек қўйишни талаб қилди.
Шунингдек, кредит карталари бўйича қарзларни қоплашда банклар томонидан комиссия ундириш тартиби ҳам қайта кўриб чиқилиши лозимлиги таъкидланди.
Қайд этилишича, айрим банклар мобил иловадаги шартномаларни бир неча ўнлаб саҳифалардан иборат «бош оферта» шаклида тақдим этиб, истеъмолчига фақат битта хизматдан фойдаланиш истаги бўлса ҳам, бошқа хизматлар учун шартларга розилик беришни мажбурият қилиб қўймоқда. Бу эса истеъмолчининг бевосита хоҳишига зид ҳолатларни келтириб чиқаради.
Марказий банкнинг қайд этишича, бу амалиёт қонунчиликка ҳам зид. Фуқаролик кодексининг 9-моддасига кўра, фуқаролар ва ташкилотлар фуқаролик ҳуқуқий муносабатларда адолат ва ҳалоллик асосида ҳаракат қилиши лозим. «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддаси мажбурий шартларни қабул қилишни устун музокара кучини суиистеъмол қилиш деб ҳисоблайди. «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 65-моддаси банкларни мижозларни бошқа хизматларга мажбур қилишдан тийади.
Шунингдек, кредит карталари бўйича муддати ўтган қарздорлик юзасидан айрим банклар картани автоматик блоклаб, маблағ тушганда комиссия ундириш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса истеъмолчининг ўз мажбуриятларини бажаришини қийинлаштиради ва келажакда шикоятлар сонини оширади.
Марказий банк барча тижорат банкларини мижозларга хизмат ва маҳсулотлар бўйича шартномани тақдим этишда, фақат истеъмолчи хоҳлаган хизматлар шартларини киритишга чақиради ва комиссиялар амалиётида адолат ҳамда ҳалоллик принципларига риоя қилишни талаб қилади.
Шу билан бирга, Марказий банк қонунчиликка кўра кредит жадвалидаги ўзгаришлардан мижозларни хабардор қилиш зарурлигини ҳам ёдга солди ва истеъмолчининг ҳуқуқларини чекловчи шартларни кредит шартномаларига киритиш амалиётига чек қўйиш топширилди.
Ўзбекистон Марказий банки молиявий технологиялар соҳасини ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва финтех стартапларини қўллаб-қувватлаш бўйича масъул орган сифатида янги вазифаларни ҳам олиб бормоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА