Марказий банк жорий йилнинг сентябрь ойидаги сўровлар натижасига кўра аҳолининг инфляцион кутилмалари ҳисоботини тақдим этди. Ҳисоботда келтирилишича, ушбу даврда аҳолининг келгуси 12 ой учун инфляцион кутилмалари 12 фоиз даражасида қайд этилди – аввалги ойларга нисбатан 0,2 фоиз бандга пасайиш кузатилди. Бу жами 3 420 респондент фикри асосида аниқланган.
Аҳоли ва тадбиркорлар орасида нархлар бўйича кутилмалар сентябрь ойида бироз пасайган, бироқ иқтисодий субъектлар учун бир қанча ташқи ва ички босим манбалари сақланиб қолмоқда.
Тадбиркорлик субъектлари орасида инфляцион кутилмалар 11,7 фоизни ташкил этди, бу эса ўтган ойга нисбатан 0,1 бандга пасайишдир.
Сўровнома иштирокчиларининг фикрича, кейинги бир йилда нархларнинг ошишига энг кўп сабаб бўлиши мумкин бўлган омил – бу коммунал хизматларнинг қимматлашиши. Респондентларнинг 46 фоизи ана шундан хавотирда.
Келгусида нархларга оширувчи босим кўрсатиши мумкин бўлган асосий омиллар сифатида иш ҳақи ва нафақаларнинг, доллар курсининг ва коммунал хизматлар нархларининг ошишини таъкидлаган респондентлар улуши камайди.
Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, сўровномада иштирок этган аҳоли вакилларининг 41 фоизи ёқилғи ва энергия нархларининг ўсишини кутмоқда. Респондентларнинг ҳар тўрт нафаридан бирининг фикрича, кейинги 12 ойда иш ҳақи ва нафақалар ошиши, транспорт харажатларининг ортиши ва асосий озиқ-овқатлар қимматлашиши инфляциянинг асосий омилларидан бири бўлади.
Шунингдек, асосан коммунал хизматлар, ёқилғи ва энергия ресурслари нархи энг кўп ошишини тахмин қиляпти. Ҳар ўнта тадбиркордан тўрт нафари шундай кутилмага эга.
Инфляцион кутилмалар ҳудудлар кесимида анча фарқланади. Аҳоли орасида энг юқори кўрсаткич Сирдарё вилоятида, энг паст кўрсаткич эса Бухоро вилоятида кузатилган.
Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Хоразм вилоятларидаги тадбиркорлар орасида инфляцион кутилмалар 13 фоиздан баланд. Қорақалпоғистондаги бизнес 10,3 фоиз, Қашқадарёдаги тадбиркорлар 10,4 фоизлик инфляция кутилмаларига эга.
Тадбиркорлик субъектларининг юқори инфляцион кутилмалари Тошкент шаҳрида кузатилган бўлса, нисбатан паст кутилмалар Қорақалпоғистон Республикасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар томонидан қайд этилди.
Соҳалар кесимида қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчилар нархлар ўсишини пастроқ баҳолаган бўлса, ахборот технологиялари ва оммавий ахборот воситалари соҳасидаги респондентлар орасида кутилмалар юқорироқ.
Аҳоли томонидан охирги бир йилда сезилган инфляция 12,4 фоизни ташкил этиб, аввалги ойга қараганда 0,6 бандга камайди. Тошкент шаҳрида сезилган инфляция 13,9 фоизни ташкил этган бўлса, хоразмликлар охирги бир йилдаги нарх-наво ўсишини бошқа ҳудудларга нисбатан энг кам баҳолаган: 10,8 фоиз.
Август-сентябрь ойларида аҳоли гўшт ва сут, бензин ва ёқилғи, электр ва табиий газ, дорилар ва мева-сабзавотлар нархи ошишини кўпроқ сезган.
Қайд этилишича, ойлик даромади 10 млн. сўмдан юқори аҳоли нархлар ошишини даромади 10 млн. сўмгача бўлган қатламга нисбатан кўпроқ сезган.
Пенсионерлар инфляцияни ҳаммадан кўпроқ ҳис этаётган бўлса, қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари охирги вақтлардаги нарх-наво ошишини бошқаларга қараганда пастроқ баҳоламоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА