Бугун кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд ҳар доимгидан гавжум. Жаҳон дипломатияси марказларидан бирига айланиб бораётган шаҳримиз бу гал БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти — UNESCO сессиясига мезбонлик қилмоқда.
Ушбу халқаро анжуманнинг кўп жиҳатдан тарихий деб эътироф этилаётгани бежиз эмас. Сўнгги 40 йил ичида UNESCO сессияси илк бор Париждан ташқарида, Марказий Осиёда эса биринчи марта ташкил қилинмоқда. Қолаверса, жорий йил ташкилотга асос солинганининг 80 йиллиги ушбу доирада нишонланяпти.
Иштирок этувчилар кўлами ҳам шунга монанд — 200 га яқин давлатдан 6 мингдан ортиқ меҳмон таклиф этилган. Хусусан, UNESCO бош директори Одри Азуле хоним ҳам ташриф буюрган.
Ушбу сессиянинг ўтказилиши мамлакатимизнинг глобал миқёсда эътироф этилаётган инсонпарвар сиёсати, таълим, маданият ва фан соҳаларини ривожлантириш йўлидаги изчил саъй-ҳаракатларининг самарасидир.

Давлатимиз раҳбари Одри Азуле хоним билан мулоқотда мамлакатимиз бундан буён ҳам UNESCOнинг ишончли ҳамкори ва аъзоси бўлиб қолишини таъкидлади. Учрашув сўнгида халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданий меросини, миллий қадрият, урф-одат ва анъаналарини жаҳон миқёсида тарғиб этиш, мамлакатимиз томонидан илгари сурилган ташаббусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қўшган муносиб ҳиссаси учун ташкилот бош директори Одри Азуле “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари UNESCOнинг 43-сессияси очилиш маросимида иштирок этди ва қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Ушбу ташаббуслар бугунги инсоният тараққиётининг энг долзарб масалаларини қамраб олгани эътиборга молик.
Хусусан, махсус эҳтиёжли болалар учун инклюзив таълимни ривожлантиришга қаратилган янги UNESCO платформасини яратиш таклифи, нафақат, ижтимоий тенглик, балки инсоний қадриятлар юксак даражада ифодаланган ташаббусдир. Давлат раҳбарининг мазкур таклифи Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида тенглик ва адолатли жамият принципларига нақадар содиқ эканини кўрсатди.
Касб-ҳунар таълими бўйича Бутунжаҳон саммитини ташкил этиш ғояси эса ёшларнинг меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши, амалий билим ва малака билан қуролланиши учун зарур шароитлар яратишга хизмат қилади. Бу ташаббус ёшлар бандлигини таъминлаш, иқтисодий фаолликни кучайтириш, замонавий касб эгалари авлодини тарбиялаш йўлидаги муҳим қадамдир.
Бундан ташқари, сунъий интеллект мактаби ва “Сунъий интеллект этикаси” бўйича халқаро конференция ташкил этиш ташаббуслари илгари сурилди. Бу борадаги Ўзбекистон позицияси замонавий дунёда илм-фан ва технологияларни маънавият билан уйғунлаштириш йўлидаги ўзига хос тажриба бўлиши мумкин. Зеро, ахборот асрида инсоният олдида турган энг катта саволлардан бири – технологияларни инсонпарварлик тамойиллари асосида бошқариш масаласидир. Президентимиз илгари сурган бу фикрларни инсонни марказга қўйган сиёсатнинг амалий ифодаси сифатида баҳолаш мумкин.
Айниқса, Президентимизнинг аёллар етакчилиги ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган глобал дастур, шунингдек, Самарқандда аёл олимлар, рассомлар, ўқитувчилар ва ихтирочиларнинг глобал форуми ўтказиш таклифи бизни қувонтирди.
“Адолат” СДП ўз фаолиятида хотин-қизлар фаоллиги, уларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётдаги ўрни масалаларини ҳамиша марказий ғоя сифатида илгари суради. Президентимиз ташаббуси билан бу масалага глобал миқёсда эътибор қаратилаётгани – тенглик ва адолат тамойилларининг гендер контекстида ҳам қарор топаётганидан далолат беради.
Бу ташаббусларнинг ҳар бири — Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини янада мустаҳкамловчи, инсон қадри, адолат, тараққиёт ва тинчлик ғояларини тарғиб қилувчи йўналишлардир. Шуни фахр билан айтиш жоизки, Ўзбекистон бугун нафақат ислоҳотлар маркази, балки глобал мулоқот ва ҳамкорлик марказига айланиб бормоқда. UNESCOнинг Самарқанддаги сессияси бунинг яққол исботи бўлмоқда.
Робахон Махмудова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
"Адолат" СДП фракцияси раҳбари