“Тамаддун, маданият ва маърифат” мавзусидаги “Маърифат карвони” жамоаси дастлаб Касаба уюшмалари федерацияси вилоят бошқармасидаги анжуманда иштирок этди.
Учрашувда иштирок этган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи, тарих фанлари номзоди Шукрулло Умаров, Ўзбекистон ислом академияси профессори, тарих фанлари доктори Илҳомжон Бекмирзаев, Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи, сиёсий фанлар доктори Мансур Мусаев мамлакатимизда дин соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, маърифат руҳининг ҳаётдаги ўрни ҳақида сўз юритди.

Ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Мирзо Кенжабек китоб неъматининг ҳаётдаги ўрни, Президентимизнинг китоб нашрлари борасидаги ташаббуслари, маърифат ва маънавият соҳасидаги фаолият ҳақида фикр билдирди.

Анжуманда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ҳақида видеофильм намойиш этилди.

– “Маърифат карвони” доирасида 3-15 декабрь кунлари бутун республикани қамраб олган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда, – дейди Ўзбекистон ислом академияси профессори, тарих фанлари доктори Илҳомжон Бекмирзаев. – Ўтган ҳафтада давлатимиз раҳбари айнан ижтимоий муҳитни мустаҳкамлаш ва диний-маърифий соҳада эришилган ютуқлар ҳамда қилиниши керак бўлган вазифалар ҳақидаги ҳисоботларни эшитди ва соҳа мутахассислари олдига бир қатор вазифаларни қўйди. Ҳар бир соҳада, хусусан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни аҳолига тушунтириш, англатиш кераклиги уқтирилди. Бунда маънавиятнинг ўрни катта эканлиги айтилди. Мана шу вазифалардан келиб чиқиб биз йўлга отланганмиз. Шу боис бугунги тадбирда вилоятдаги имом-хатиблар, маҳалла раислари, маънавий соҳага масъул ҳокимлик вакиллари, таълим-тарбия тизими ходимлари бевосита ва zoom орқали масофадан туриб ҳам иштирок этмоқда. Тадбирда қатнашаётган ҳар бир мутахассис ўзи ўқиган асарлардан иқтибослар келтирган ҳолда диний ва маърифий соҳада юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маъруза қилмоқда. Чунки охирги йилларда эришилган ютуқлар, диний соҳада амалга оширилган ислоҳотларни ҳали фуқароларимизнинг барчаси ҳам тўлиқ англаб ололгани йўқ. Масалан, ҳаж ва умра борасидаги янгиликлар, квоталарнинг оширилиши, масжидлар сонининг ошиши, қолаверса, халқаро ҳамкорлик масалалари ва ҳоказо. Мақсад тадбир иштирокчилари орқали бу маълумотларни оммага ёйиш, тушунтиришдир.

“Маърифат карвони”нинг кейинги манзили Қарши шаҳридаги Ёшлар маркази бўлди. У ерда “Замонавий ёшлар – тараққиёт драйвери!” мавзусида илм ва инновацияларга бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир ёшларнинг илм-фан ва инновациялар соҳасидаги имкониятларини кенгайтириш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлашга бағишланди. Тадбирда Қашқадарё вилоятидаги иқтидорли ёшлар, магистр, докторантлар, “Эл-юрт умиди” стипендияси совриндорлари, мутахассислар ва соҳа вакиллари иштирок этди.

Мулоқот давомида ёшларнинг стартап лойиҳалари ва илмий ишланмалари тақдим қилиниб, уларни амалиётга татбиқ этиш бўйича тавсиялар берилди. Иштирокчилар ўз ғоялари ва ишланмаларини намойиш қилиб, соҳа мутахассисларидан илмий ва амалий масалаларда муҳим кўрсатмалар олди. Тадбирда ёшларнинг инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг ривожланишига кенг йўл очилиши таъкидланди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири