
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида жойлашган Эркин Воҳидов номидаги ижод мактабида ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилари ўртасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ижодий олимпиаданинг республика босқичи бўлиб ўтди.
Тадбирнинг биринчи кунида Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим иштирокида учрашув ҳамда шеърхонлик кечаси ташкил этилди. Унда республикамизнинг барча ҳудудларидаги ижод мактабларидан келган устозлар, ўқувчилар, шоир ва ёзувчилар, зиёлилар иштирок этди. Тадбирнинг иккинчи куни ижодий олимпиаданинг финал босқичи бошланди. Унда мазкур олимпиадаларнинг ҳудудий босқичида саралаб олинган агентлик тизимидаги ижод мактабларининг 8-9-синф ўқувчиларидан 18 нафари иштирок этди. Улар 3 та шарт – “Ижодий матн”, “Монолог” ва “Баҳру байт” бўйича ўзаро беллашди.
[gallery-22670]
– Республика босқичида иштирок этиш осон бўлмади, - дейди Эркин Воҳидов номидаги ижод мактабининг 9-синф ўқувчиси Муҳсина Абдуллаева. – Жараёнлар жуда шаффоф ва яхши ташкил этилган. Олимпиадада кўп янги танишлар орттирдим, янги дўстларим билан кун давомида фикр алмашдик ва билмаганларимни ўрганишга катта имкониятлар пайдо бўлди. Бундан ташқари, билимдон одамлар билан мулоқот қилиш, улардан ўрганиш мен учун жуда қимматли тажриба бўлди.
Ёшларнинг фаоллиги ва дўстона руҳда ўтган ижодий олимпиада якунида ғолиблар муносиб тақдирланди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА