
Мулоҳаза
Қўққисдан бошимизга жуда оғир кунлар тушди. Шифохонага ўзлари борган онажонимни бир неча кундан кейин муздек ҳолатда уйга олиб келишди... Мен учун бу қўрқинчли тушдан ҳам қўрқинчлироқ жараён эди. Бир зумда хонадонимиз ола-тасир бўлиб кетди.
Қўққисдан пайдо бўлган кимса кўнгил сўраган бўлди. Кейин мени бошқа хонага тортиб, кўзларини катта-катта очганича “Қани ўлимликлари қаерда, сандиқда нималар бор? Тобутни устига ёпишга нима бор? Ювғучига фалон доллар, ойисини янги пойабзаллари, янги кўйлаклари, бир неча хилдаги яхши шоколад, қанд-қурсларни катта сеткага солиб бериш керак”, деди буйруқ оҳангида.
Яна гўрковгаям фалонча миқдорда долларми ёки ўзимизни сўм, эркакларнинг янги кўйлаги, яна нималардир, катта халтада “сарпо-суруғ” керак экан. Эрталабданоқ, бошига оғир мусибат тушган акаларим бозорга югуришди. Дастурхонга бир неча хил яхши конфет, шоколад, қанд-қурс, баргак ва бошқа маърака учун зарур бўладиган керакли нарсаларни қўш қайтадан харид қилдилар...
Рости, уйда кафанлик ҳам йўқ эмасди. Уни бундан ўн йилларча аввал Онажоним ўткир пневмония хасталиги билан касалхонада даволаниб чиққанларида кичкина холам “меҳрибончилик” билан уйимизга келтирганди. Ўшанда Онажоним қаттиқ хафа бўлиб, “Мени ўлиб қолади, деб кафанлик кўтариб, чопқиллаб уйимизга келибди-да”, деб роса йиғлаганлари сира кўз олдимдан кетмайди. Шундан буён кафанлик қўл ва кўз етмайдиганроқ жойда сақланарди...
Оёғи куйган товуқдай питирлайман. Вужудим оловга айланган, кўз ўнгим қоронғилашган. Уйни одам босган. Ҳеч нарса, ҳатто салом-алик кўнгилга сиғмайди. Яратганнинг даргоҳига кетган ғамгузоримга йиғлайми ёки “фалон керак, тугун керак, қонун-қоидаси бундай бўлиши керак, мозоргаям фалон нарсалар керак”, деганларнинг буйруғини бажариш керакми??? Яна қулоғим остида буйруқ янграйди. “Бу кийим бўлмайди. Бошқа кийим топинг. Ойингизнинг тузукроқ, азабоп кийимларидан кийиб олинг!”
Уч кун кўнгил сўраб, йўқлаб, фотиҳа учун анча одамлар келди. Қариндошлар, ҳамкасблар, яқин биродарлар. Мусибат тушган хонадонда қозон қайнатиш мумкинмас, деб уйимизга тугун-терсак қилиб кела бошланди. Тавонхонада тоғоралар айланади... Кўнгил сўрашга келган меҳмонлардан бири дастурхон ёзганимиз учун дакки бериб ҳам улгурди: “Ҳозир дастурхон ёзилмайди!”
Аза ҳам ғалати жараён экан. Кимнинг қандайлиги айнан бошга оғир ташвиш тушган пайтларида билинаркан. Мурувват кутмаган инсонларим, иш билан ўралашиб, ҳатто ўзим ҳам ҳол-аҳвол сўрашни ўрнига қўймаган қадрдонларим, ҳамкасбларим йўқлаб келишди. Имкон қадар кўмак қўлини узатди. Энг оғир кунларда далда бўлишди. Ёлғизлатиб қўймадилар. Лекин “Бу дунё ҳисоб-китобли” тарзида иш кўрадиганлар ҳам аҳдида турганига гувоҳ бўлдим.
Аза пайти марҳума ҳақидаги яхши, ёрқин хотираларни, унинг ибратли фазилатларини ёдга олиш ўрнига бошдан оёқ ўлик қандай ювилади, қайси қариндош қаерда ким бўлиб ишлайди, кимнинг нечта боласи бор, ким қаерда яшайди, ким ўғлига яхши қиз қидиряпти, кимнинг қудаси ким, ким ўтиб кетгану, ким ҳаёт, кимнинг телефон рақами неча экани ҳақида маълумот тўплаш билан банд бўлганларни қариндош сафига қўшиш мумкинми, билмайман...
Бирин-кетин эҳсон, турли хотира маросимларини ўтказдик. Тиловату дуолар шу кунларгача сира тингани йўқ. Ҳайит кунлари ҳам хотира тадбирлари имкон қадар тўкин дастурхон атрофида ўтказилди. Ҳайитнинг биринчи куни кимлардир биргалашиб, нималарнидир астойдил муҳокама этишга тушиб кетишганди. Бир парча қоғозчада ёзувлар тахминан қуйидагича эди. “Ўлимлик учун: 1.Кафанлик 2.Тоза материал. 3.Жағ боғлашга чит рўмол 4.Тобутга ёпиладиган мато 5.Ғассол учун тилла тақинчоқлар, узук ёки зирак...” Анчагина мол-матоҳдан иборат рўйхат, кўзимга тушиб улгургани шулар эди. Жуда ғалати рўйхат. Яна нималарнингдир ҳисоб-китобига кўзим тушгач, ўзимни тутиб туролмадим. Кимларгадир ўлик кўмиш ёқиб қолиб, ҳавасга айланди шекилли... “Бу яна нима рўйхат”, деб ғазаб билан сўрадим. “Ҳа ўзим, шундай ўлик маросимида нималар кераклигини сўраб олаётгандим”, деди рўйхат тузишга ташаббускор бўлганлардан бири ҳовлиққанича рўйхатни юлқиб, мендан яшираркан... Бу орада қудалар кўнгил сўраб келишди. Тўғриси, ғазабимнинг чегараси йўқ эди. Юз-кўзимдан, ранг-рўйимдан ўйлаган фикримни уқиб олиш қийин эмасди. Камига “сержаҳл”, “заҳар”лигим туфайли улар кўз ўнгида айбсиз айбдорга ҳам айланиб улгургандим...
Ўзини қадрдон, меҳрибон, ғамхўрдек тутувчи яна бир инсон уйимизга келиб на телефон, на телеграм ёзувларига жавоб бермаслигимни зарда қилгандек юзимга солиб, сўроқ-саволга тута бошлади. Нима бўлганди, қайси қабристонга олиб борилди, ким неча ёшда, фалончи ким, яна нечта адоғи йўқ саволлар қуршовида эдим...
Яқинда ижтимоий тармоқда ғалати видеороликми, ишқилиб, бир видеокўринишга кўзим тушди. Қайсидир вилоятда маъракада тобут устидан худди тўйда келин-куёв ёки санъаткор, ўйинчиларнинг устидан пул сочгандек кимдир тинимсиз пул ёғдирарди. Азага келган аёллар бир-бирини туртиб, суртиб, итариб, йиқилиб пул теришга тушиб кетади... Шундай маросимларда биз билмаган урфлар анча шекилли. Бунақасиям бор экан-да. Яхшики, “азабошилар”, “ишбошилар“нинг ҳаммаси ҳам бу одатдан хабардор эмас!
Ҳа, бу дунёда ҳеч ким мангу қолмайди. Яратганнинг иродаси, ҳукми билан вақти-соати етгач, ҳамма бу ёлғон дунёни тарк этади. Буни доим ёдда тутмоқ керак! Лекин ҳамма нарсани, шу жумладан, аза, маърака маросимларини ўтказишнинг ҳам ўз одоби, тартиби, йўл-йўриғи, замонавий тил билан айтганда, этикети бор. Мўътабар нуронийларимиз емай-ичмай, санаторийларга бормай, ўзларига сарф этмай орттирган нафақаларини шундай маросимларга асраши ҳам бор гап. Кузатишимча, кўпгина маросимлар тўйбоши, азабоши, тавонбоши, кайвониларнинг, янгаю овсин-ажинларнинг йўл-йўриғи билан ўтказилади. Яратган Эгам уларга ҳам инсоф, асл иймон ва диёнат, виждондан йўл-йўриқ кўрсатсин, илоҳим. Назаримда, бундай “совуқ маросим”ларнинг бари ўзгаларнинг руҳиятига озор етказмаслик, ҳамиятига дахл қилмаслик, фаҳм-фаросат, одамийлик каби устунларга қурилмоғи керак. Ўтганларни эзгу амаллар, Қуръон тиловатлари, хайрли дуолар билан эслаш асосий бурчимиз эмасми?
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири