Маълумки, 2000 йил Халқаро ветеринария ассоциацияси ва Халқаро ҳайвонлар соғлиғини сақлаш ташкилотининг ташаббуси билан ҳар йили апрель ойининг охирги шанбаси “Халқаро ветеринария куни” деб белгиланиши ҳақида қарор қабул қилинган.

Сана муносабати билан ЎзА мухбири Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Норқобиловга айрим саволлар билан мурожаат қилди.
Қўмита раиси дастлаб тармоқда амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг таҳлилига эътибор қаратди.
– Ҳар йили ушбу кун жуда кўп давлатларда байрам сифатида нишонланади. Хусусан, мамлакатимизда ҳам. Ветеринария соҳаси ҳайвонлар соғлиғини сақлаш билан бирга, аҳолини инсон ва ҳайвонлар учун умумий бўлган касалликлардан муҳофаза қилишда муҳим аҳамиятга эга.
Бутунжаҳон ветеринарлари томонидан ҳайвонлар соғлиғини сақлаш борасида олиб борилаётган ишларнинг пировардида инсон саломатлиги диққат- эътиборда бўлмоқда.
Озиқ-овқат маҳсулотларининг аҳолига етказиб берилишида хўжаликдан дастурхонгача бўлган даврда ветеринар асосий ўринни эгаллайди. Ва бу жараённи соҳа фидойиларисиз тасаввур этиб бўлмайди.
– Албатта, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аввало ҳайвонлар соғлигини ҳимоя қилиш босқичидан бошланади. Бу борада ветеринария назорати жуда муҳим.
– Тўғри таъкидладингиз, давлатимиз раҳбарининг тизимни тубдан ўзгартириш борасидаги ислоҳотлари туфайли Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси мамлакатимизда ветеринария, чорвачилик ва наслчилик соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат органи сифатида фаолият олиб бормоқда.
Натижада сўнгги йилларда чорва молларининг ўта хавфли юқумли касалликларга эмлаш даражаси юз фоизга етди. Касаллик келиб чиқишининг кескин камайишига ва республика ҳудудида ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликлар бўйича эпизоотик барқарорлиги таъминланишига эришилди.
Шунингдек, қўмита Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлигини ҳимоя қилиш ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва бошқа халқаро ташкилотлар билан мунтазам ҳамкорлик ўрнатди.
Жойлардаги профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш ва давлат ветеринария хизматининг моддий-техник базаси тубдан яхшиланди.
– Билишимча, ветеринария соҳаси узлуксиз таълим ва амалиёт интеграциясини талаб қилади. Шундай эмасми?!
– Ҳақ гапни айтдингиз.
Эътибор беринг, жорий йилда жаҳонда Халқаро ветеринария куни байрами "Ҳайвонлар соғлиги жамоани талаб қилади" мавзуси доирасида ташкил этилмоқда. Бу бежиз эмас албатта. Бунинг замирида ветеринария амалиётининг ҳамкорлик характери ва сифатли ветеринария хизмати кўрсатилишида фан ва амалиётнинг мустаҳкам интеграцияси муҳимлиги таъкидланмоқда.
Шу ўринда бир мисол келтирсам.
Айни пайтда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда қўмита ҳамкорлигида мамлакатимизда майда шохли ҳайвонлар соғлиғини назорат қилиш мақсадида серомониторинг тадбирлари бўлиб ўтяпти.
Тадбирнинг мақсади майда шохли ҳайвонлар ўлатининг мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш, шу орқали мамлакатимизга ўлатдан холи ҳудуд мақомини беришдан иборат.
Соддароқ қилиб айтганда, “Ўзбекистон майда шохли ҳайвонлар ўлатидан холи ҳудуд” деган мақомни олиш бўйича ишлар кетяпти.
Мана шу жараёнда муболаға қилиб айтганда, жуда катта ветеринария врачлари армияси жонбозлик кўрсатмоқда.
– Демак, ветеринария врачидан фаолиятида қайсидир маънода ватанпарварлик ва фидойилик ҳам талаб қилинар эканда...
– Худди шундай. Қўмита мутахассисларининг, қолаверса қуйи тизимларда фаолият кўрсатаётган амалиёт врачларининг ҳам асосий мақсади Президентимиз бошлаб берган ислоҳотларга камарбаста бўлиш.
Бунинг учун биз янада фаол, фидойи бўлишимиз, мамлакатимизда ветеринар осойишталикни таъминлаш, чорвачиликнинг барча тармоқларини ривожлантириш, ҳайвонлар наслини яхшилаш ва бу орқали халқимиз истеъмоли учун етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлаш йўлида бор билим ва тажрибамизни сафарбар этишимиз зарур!
ЎзА