“Долзарб – 90 кун”
Мактаб – маҳалла ва ота-она ҳамкорлиги. Бугун таълим йўналишида жорий этилаётган ушбу тизимнинг ўзига яраша кенг имкониятлари бор. Бу борада Бухоро вилояти Когон туманидаги таълим муассасаларида ҳам ушбу ташаббус асосида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Туманда 25 та умумтаълим мактабларида 12790 нафар ўқувчи таълим олади. Ҳозирда уларнинг 12011 нафари “Долзарб – 90 кун” тадбирларига қамраб олинди. Бундан ташқари, маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда 7045 нафар уюшмаган ёшлар тўгаракларга жалб қилиниб, уларнинг спорт билан шуғулланиши, касб-ҳунар сирларини ўзлаштириши учун имконият яратилди.
Яна бир муҳим жиҳат, бу йилги ёз мавсумида тумандаги 4 та умумтаълим мактаблари икки мавсумда 450 нафар ўқувчиларни ўзида жамлайдиган соғломлаштириш майдончалари ташкил этилиши режалаштирилган. Булар 1-мавсумда 230 нафар, 2-мавсумда 220 нафар ўқувчиларни қамраб олади. Ҳозирда бу борада 12-мактабда ташкил этилган ишлар кўлами анчагина салмоқли.
– Мактабда 525 нафар бола таҳсил олади. Илгари болалар уч ой мактабдан айрилган ҳолда таътилда бўларди. “Долзарб – 90 кун” лойиҳаси болаларни мактаб билан бирга мазмунли таътил олишга кўмак бермоқда. Лойиҳа доирасида мактабда режа график асосида фан, спорт, касб-ҳунар ўргатиш, мусиқа тўгараклари ташкил қилинди. Болалар эрталабдан қизиқиш билан мактабга келади, – дейди Когон туманидаги 12-мактаб директори Фазлиддин Нажмиддинов.
[gallery-24148]
Ҳозирда тумандаги 12-умумтаълим мактабида ўқувчилар баскетбол, футбол, шахмат-шашка, китобхонлик каби тўгаракларда фаол иштирок этмоқда. Режа қилинган 75 та фан, 32 та спорт тўгаракларининг барчаси фаолият олиб бориши учун масканда тўлиқ шароитлар яратилган.
Туман кесимида “Долзарб – 90 кун” тадбирлари давомида 60 та танлов, 80 та мусобақа ва 65 дан ортиқ турли тадбирлар ўтказилади. Хусусан, 23 та маънавий-маърифий, 13 та ижодий йўналиш бўйича, 22 та маданий тадбирлар, 3 та рақамли технологиялар соҳасида, 26 та спорт ва соғломлаштириш ҳамда 5 та ички туризм тадбирлари ташкил қилиниши назарда тутилган. Бу ҳам ўз навбатида туманда иқтидор соҳибларини аниқлаш ва уларни муносиб рағбатлантириш учун кенг йўл очади.
Вилоятнинг барча таълим муассасалари қатори Бухоро туманидаги умумтаълим мактабларида ҳам “Долзарб – 90 кун” тадбирлари юқори савияда ташкил этилган. Ташаббус доирасида ўқувчиларни бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ёзги соғломлаштириш мавсумида барча ўқувчилар қамраб олинган. Хусусан, умумтаълим мактабларида режа асосида фан, касб-ҳунар ва спорт йўналишларида тўгарак машғулотлари намунали тарзда ташкил қилинган.
Мисол учун, Бухоро туманидаги 51-мактаб ҳам бу борада ўз фаоллигини кўрсатмоқда. Таълим масканида 330 нафар ўқувчи таълим тарбия олиб келаётган бўлса, биргина мактабдаги ёзги соғломлаштириш оромгоҳида 50 нафардан зиёд ўқувчилар ўз қизиқишларини янада мустаҳкамламоқда. Шунингдек, инглиз тили ва математика дарслари уларнинг фанларни чуқур ўзлаштириши учун янги имкониятни тақдим қилмоқда. Энг муҳими, спортнинг шахмат, шашка, теннис, сузиш каби тўгараклари ҳам бугун ўқувчилар билан гавжум.
Сўнгги йилларда Бухоро вилояти Ғиждувон тумани таълим сифат кўрсаткичлари бўйича олд қаторларда бормоқда. Бунинг асосий сабаби йигит-қизларнинг интилишлари муносиб рағбат топганида дейиш мумкин. Шунга мувофиқ, туманда 12 мингдан ортиқ ўқувчини қамраб олган “Ҳоким кубоги” олимпиадасининг ўтказилиши ҳам ўзига хос ташаббус дейиш мумкин. Дастлабки 20 кунликда барча мактаблардан энг кучли деб топилган ёшлар ушбу лойиҳа сабаб муносиб тақдирланди.
Жами 140 нафар ғолиб. 1-ўринда 47 нафар ўқувчилар энг юқори кўрсаткични қайд этди. 2-ўринга 44 та иштирокчи лойиқ кўрилди. 3-ўриндан эса 49 нафар қатнашчи жой олди. Мукофот жамғармаси 278 миллион сўмни ташкил қилган олимпиадада ҳар бир иштирокчи пул мукофотлари билан тақдирлангани уларнинг билим олишга бўлган иштиёқни янада оширди.
Тадбирда энг юқори натижа кўрсатган ўқувчиларнинг оила аъзоларига 10 кунлик Дубай сафарига саёҳат йўлланмалари ҳам тақдим қилинди. Маълумотларга кўра, янги ўқув йилига қадар бундай олимпиадани мунтазам ташкил этиш, бу орқали мамлакат ва халқаро олимпиадаларига муносиб захирани шакллантириш мақсад қилинган.
Эътиборли томони, Бухоронинг ҳар бир ҳудудида “Долзарб – 90 кун” доирасида ўтказилаётган тадбирлар ёшларни муносиб рағбатлантириш ва улар ўзи танлаган йўлдан дадил одимлаши учун мустаҳкам асос ҳозирламоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат). ЎзА мухбирлари.