Жорий йилнинг 9 апрелида Президентимиз раислигида “Ҳудудларнинг туризм салоҳиятини янада ошириш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш” мавзусидаги видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах вилоятида фаолият юритаётган туризм соҳаси вакиллари билан учрашувлар ташкил этилмоқда.
Вилоят ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Сардор Шукуруллаев Шароф Рашидов ва Фориш туманлари ҳудудида фаолият юритаётган туризм соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқот тарзида учрашув ўтказди.

Туризм соҳасида фаолият олиб бораётган 50 нафардан ортиқ тадбиркор иштирок этган ушбу тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари давлатимиз раҳбари томонидан соҳада йўл қўйилган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар хусусида атрофлича гапирди.

Тадбирда туризм объектларига олиб борувчи йўлларнинг аҳволини яхшилаш, ҳудудларда гастрономик туризм марказларини ташкил этиш, туризм экспорт миқдори ва сифатини кескин ошириш, Жиззах вилояти ҳудудига қўшни мамлакатлардан кириб келувчи хорижий фуқаролар учун чегара пунктларида юртимиз туризм салоҳиятини кўрсатадиган “туризм бурчаги”ни ташкил этиш бўйича мутасаддиларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Тадбирда бугунги кунда туризм Жиззах вилоятининг асосий драйвер соҳаларидан бирига айланиб бораётгани, ушбу йўналиш нафақат мамлакат иқтисодиёти ривожида, балки Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини шакллантиришда ҳам муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Шунингдек, учрашув давомида туризм соҳасида янги иш ўринларини яратиш, бюджет тушумларини ошириш, хорижий ва маҳаллий сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш орқали хизматлар экспортини кенгайтириш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбиркорлар ўз фаолиятларида дуч келаётган муаммолар ва амалий таклифларини баён қилдилар. Билдирилган фикр ва таклифлар асосида келгусида амалга ошириладиган аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Ана шундай учрашувлар Жиззах шаҳри, Арнасой, Бахмал, Зомин, Ғаллаорол, Янгиобод туманлари ҳудудларида туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган.
Мазкур учрашувлардан кўзланган мақсад давлатимиз раҳбарининг соҳа ривожи юзасидан қабул қилинган фармон ва қарорлари ҳамда видеоселектор йиғилишидаги топшириқлари ижросини таъминлаш, вилоятда туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш, тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва соҳада тизимли ёндашувни шакллантиришдан иборатдир.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари