Сўнгги йилларда мамлакатда туризм соҳасини жадал ривожлантириш, унинг иқтисодий ва ижтимоий самарадорлигини ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Бухоро вилояти ўзининг бой тарихий мероси, қадимий меъморий обидалари ва миллий маданият ёдгорликлари билан юртимизда етакчи туризм марказларидан биридир.
Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар оқимини ошириш билан бирга, уларнинг хавфсизлиги, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифаси бўлиб қолмоқда.

“Миллий тикланиш” демократик партияси Бухоро вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари вилоятда хавфсиз туризмни ривожлантириш мақсадида Хавфсиз туризмни бошқариш бошқармаси, Туризм бошқармаси, Вилоят давлат солиқ бошқармаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Вилоят транспорт бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Ҳунармандлар уюшмаси вилоят бошқармаси, Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармалари билан ҳамкорликда чуқур таҳлилий ўрганишлар олиб борилди.
Ҳамкорликда амалга оширилган ўрганишлар давомида Бухоро шаҳрининг тарихий қисми, туристик объектлар ва уларга туташ ҳудудларда сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш ҳолати ўрганилди, мавжуд муаммолар таҳлил қилинди ҳамда уларни бартараф этиш бўйича манзилли таклифлар ишлаб чиқилди.

Тарихий обидалар жойлашган ҳудудларда 23 банддан иборат Қўшма режа асосида ички ишлар, миллий гвардия, туризм, маданий мерос, экология ва солиқ бошқармалари билан ҳамкорликда хавфсизлик чоралари кучайтирилган бўлиб, сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган жойларда икки асосий патруллик йўналиши жорий қилинган.
Бухоро шаҳрининг тарихий қисми ҳисобланган Арк қўрғони ҳудудида фаолият юритиб келаётган тадбиркорлар 57 дона электромобиль, 43 дона скутер, 200 дона электросамокат, 180 дона велосипед воситасида фуқароларни меъморий обидаларга олиб бориб қўйиш ва ушбу техникаларни ижарага бериш каби хизматлар билан шуғулланмоқда.
Суҳбат давомида соҳа мутахассисилар томонидан салбий ҳолатлар ва сайёҳлар билан ўтказилган сўров-суҳбатлар асосида олиб борилган ўрганишлар Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида мопед ва электромобиль ҳайдовчилари томонидан йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилинмаслиги, ортиқча йўловчи ташилиши, хавфсизлик тўсиқларининг йўқлиги ҳамда қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиш ҳолатлари сайёҳлар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлаётганини кўрсатди.

Мулоқотда Бухоро шаҳрининг тарихий маркази ҳудудида яшаш уйлари орасидаги ўтиш йўлакларининг торлиги ва ёнғин ўчириш автомобилларининг ҳаракатланиши учун автомобиль йўлларининг камлиги, аксарият аҳоли яшаш уйларининг ёнғин бардошлилик даражаси ИВ ёки В даражани ташкил қилади. Бу ҳолат ўз навбатида тарихий марказ ҳудудида содир бўлган ёнғинларни бартараф этиш ва инсонлар ва моддий бойликларни қутқарув ишларида мураккабликларни юзага келтиради ва ёнғинларнинг катта майдонга тарқалишига олиб келаётганлиги таъкидланди.
Яна шунингдек, айрим гидлар томонидан сайёҳларга берилаётган тарихий маълумотлар тўлиқ эмаслиги, айрим ҳолларда эса нотўғри ёки бузиб талқин қилинаётганлиги ҳолати ҳақида ҳам сўз юритилиб, гидлар фаолиятида ягона стандарт ва сифат назорати йўқлиги туфайли тартибсизликлар юзага келаётгани очиқланди. Буни олдини олиш учун мутахассисилар томонидан расмий аттестация тизимини жорий этиш, “Гидлар уюшмаси”ни ташкил этиш, Гидлар реестри ва гувоҳнома тизимини жорий қилиш каби муҳим таклифлар илгари сурилди.
Учрашувда Бухоро шаҳрида жойлашган туристик инфратузилма объектларида хавфсизликни таъминлаш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни самарали бартараф этиш йўллари муҳокама қилинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.