Гулистон шаҳрида Фавқулодда вазиятлар бошқармасида Халқаро коррупцияга қарши кураш куни ҳамда Аксилкоррупция ойлиги доирасида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилди.
Тадбирда Гулистон ҳарбий прокурори, бошқарма раҳбарияти, ОАВ вакиллари, журналистлар ва блогерлар, шунингдек, Ахборот хизмати ходимлари иштирок этишди.

Маърузалар давомида Фавқулодда вазиятлар тизимида коррупцияга қарши амалга оширилаётган ислоҳотлар, коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш, идорада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Шунингдек, тадбир иштирокчиларига ФВВ тизимида замонавий технологиялар ва тизимли назорат усуллари орқали коррупция хавфини камайтириш йўллари тушунтирилди.

Тадбир давомида аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳам муҳокама қилинди. Махсус блок-сессияда қатнашчилар томонидан берилган саволларга мутахассислар атрофлича ва аниқ жавоблар беришди, бу эса жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун очиқ ва самарали муҳокама имконини яратди.

– Бизнинг асосий мақсадимиз — Фавқулодда вазиятлар тизимида коррупция хавфини бартараф этиш, идорада очиқлик ва шаффофликни таъминлашдир, – деди Бошқарма бошлиғи, полковник Ғуломжон Муҳаммедов. – Бу эса нафақат иш фаолиятимиз самарадорлигини ошириш, балки аҳоли ва жамоатчилик ишончини мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бизнинг фикримизча, очиқ эшиклар тадбирлари орқали жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни кучайтириш мумкин.

Шу тариқа, тадбир нафақат коррупцияга қарши кураш ва очиқликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ахборот бериш, балки жамоатчилик ва аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглаш ва маслаҳатларини олишга ҳам қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Тадбир якунида иштирокчилар коррупцияга қарши курашда фаолликни ошириш ва фавқулодда вазиятларда хавфсизликни таъминлашда ҳамкорлик қилишнинг муҳимлигига урғу беришди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири