Мақсад ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичларини янада ошириш
Бухоро вилояти Олот туманининг “Халифа” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “OLOT SPINNER” масъулияти чекланган жамияти республика тўқимачилик саноатида барқарор ривожланиб бораётган, юқори ишлаб чиқариш салоҳиятига эга замонавий корхоналардан бири ҳисобланади.
Корхона бўз мато ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, ички бозор билан бир қаторда ташқи бозорларда ҳам рақобатбардош маҳсулот етказиб бермоқда.
Корхона 1,5 гектар ер майдонида жойлашган бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари замонавий технологиялар ва самарали бошқарув тизими асосида ташкил этилган. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати табиий кўрсаткичда 6 минг тоннани яъни 37,8 миллиард сўмга тенг бўлиб, маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этмоқда.

Сўнгги йилларда корхонада ишлаб чиқариш ҳажмлари босқичма-босқич ошиб бормоқда. Буюртмалар сонининг кўпайиши, маҳсулот сифатининг яхшиланиши ва технологик жараёнларнинг такомиллашуви ишлаб чиқариш самарадорлигини сезиларли даражада оширишга хизмат қилмоқда.
Жамиятда ҳозирги кунда 200 нафар ишчи ва ходимлар доимий иш билан таъминланган. Корхона аҳолининг бандлигини ошириш, малакали мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг меҳнат шароитларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу эса нафақат корхона, балки ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Корхона фаолиятида экспорт йўналиши устувор аҳамият касб этади. Ишлаб чиқарилаётган бўз матолар халқаро сифат талабларига жавоб бериши туфайли ташқи бозорларга чиқариш имконияти мавжуд. Экспорт ҳажмларини ошириш, янги хорижий ҳамкорлар билан шартномалар тузиш ва географиясини кенгайтириш жамиятнинг асосий стратегик мақсадларидан биридир. Бу эса корхонанинг валюта тушумларини кўпайтириш ва туман экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Айни вақтда омборларда 600 тонна тайёр маҳсулот мавжуд бўлиб, унинг умумий қиймати 0,6 миллиард сўмни ташкил этади. Омбор хўжалиги замонавий талаблар асосида ташкил этилган бўлиб, маҳсулотларни сақлаш ва экспорт ҳамда ички бозорга ўз вақтида етказиб бериш учун барча шароитлар яратилган.

Хулоса қилиб айтганда, жамиятда ишлаб чиқариш ҳажми ортиб бораётган, экспортга йўналтирилган, замонавий технологиялар асосида фаолият юритувчи рақобатбардош корхона ҳисобланади. Корхона келгусида ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичларини янада ошириш орқали мамлакат тўқимачилик саноати ва иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.