Мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш, “Хавфсиз ва равон йўл” тамойили асосида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Наманган шаҳрида фуқароларга тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида барпо қилинган маъмурий амалиёт маркази ўз фаолиятини бошлади.
Шу муносабат билан ўтказилган тантанали очилиш маросимида ички ишлар органлари мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда соҳа фахрийлари иштирок этди. Тадбир аввалида республика Ички ишлар вазирининг ўринбосари Даврон Назармуҳаммадов янги марказ фаолияти билан боғлиқ муҳим вазифалар ҳақида тўхталиб, ушбу йўналишда хизмат қилаётган ходимларни табриклади.
Президентимизнинг 2024 йил 18 декабрдаги “Ички ишлар органларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган мазкур марказ фуқароларга сифатли, қулай ва шаффоф хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйишни асосий мақсад сифатида белгилаб олгани билан аҳамиятга эга.
Янги марказ фаолиятида инновацион ёндашувлар, рақамли технологиялар ва илм-фан ютуқларига таянган ҳолда хизмат кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу ўз навбатида, нафақат йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатларни тезкор ҳал этиш, балки фуқароларнинг ҳаёти ва қадр-қимматини ишончли ҳимоя қилишда илғор хорижий тажрибаларни амалиётга жорий этишга хизмат қилади.
Марказ замонавий технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш учун қўшимча кадрлар билан тўлдирилди. Шунингдек, одамларга қоидабузарликлар билан боғлиқ ҳар қандай саволларига ечим топиб кетишлари учун барча қулайликлар яратилган. Маъмурий амалиёт маркази ходимларига бир қатор муҳим вазифалар юклатилган.
Таъкидлаш жоизки, маъмурий амалиёт марказининг очилиши йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқишни самарали ва шаффоф ташкил этишда муҳим қадам бўлиб, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга тез ва сифатли хизмат кўрсатишда янги имкониятларни очади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА