Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институтида япониялик мутахассислар томонидан ишлаб чиқариш корхоналари ва биноларда виртуал энергия аудитини ўтказиш бўйича семинар ўтказилди.
Мазкур семинарнинг ташкил этилиши ва аҳамияти ҳақида Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари Жобир Аҳадов қуйидагиларни маълум қилди:
–Бизнинг фаолиятимизда халқаро алоқалар муҳим ҳисобланади. Шу сабабли, бугунги кунда бир қатор энергетика соҳаси билан шуғулланувчи хорижий ташкилотлар ва илмий муассасалар билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Жорий йилнинг 22-25 апрель кунлари Япониянинг Энергия тежамкорлик маркази мутахассислари иштирокида ташкил этилган семинар ҳам ана шундай самарали ҳамкорликнинг натижасидир.
Семинарда маҳаллий мутахассислар учун ишлаб чиқариш корхоналари ва биноларда виртуал энергия аудитини ўтказиш бўйича Япония тажрибаси тақдим этилди.
Бугунги кунда энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш масаласи нафақат иқтисодий, балки экологик барқарорлик нуқтаи назаридан ҳам жуда муҳим аҳамиятга эга. Маълумки, виртуал энергия аудити ишлаб чиқариш корхоналари ва биноларда энергиядан фойдаланиш ҳолатини масофадан туриб, яъни объектга бевосита бормасдан туриб таҳлил қилиш ва баҳолаш усули ҳисобланади.
Япониялик мутахассислар томонидан тақдим этилган виртуал аудит воситалари орқали биз ишлаб чиқариш ва биноларда энергия самарадорлигини тубдан ошириш имкониятига эга бўламиз. Шу мақсадда ушбу семинар натижалари келгусида амалий ислоҳотлар ва янги дастурлар ишлаб чиқишга асос бўлади.
Унда Энергетика вазирлиги, “Ўзэнергоинспекция” ҳамда илмий муассаса мутахассислари виртуал энергия аудит тизимининг афзалликлари, уни жорий этиш орқали энергия сарфини камайтириш, харажатларни тежаш имкониятлари ҳақида атрофлича маълумотларга эга бўлди.
Шунингдек, Японияда энергия менежерлари ва энергия аудиторларини тайёрлашда қўлланиладиган ўқув материаллари, халқаро стандартларга мувофиқ методикалар, амалий топшириқлар иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.
Таъкидлаш жоизки, виртуал аудит тизими корхона ва ташкилотларда энергия истеъмолини таҳлил қилиш, самарадорликни баҳолаш, энергия бошқарувини рақамлаштириш ва шу орқали энергия тежамкорлигини оширишга хизмат қилади. Бу нафақат молиявий ресурсларни тежаш, балки экологик таъсирни камайтиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Келгусида ҳам биз Япониянинг Энергия тежамкорлик маркази (The Energy Conservation Center) мутахассислари билан шу каби мавзуларда семинарлар ташкил этишда ҳамкорликни давом эттирамиз.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА