Президентимиз томонидан кейинги йилларда олиб борилган оқилона сиёсат туфайли янги Ўзбекистон ривожланган мамлакатлар қаторидан жой олмоқда.
Бу эса мамлакатимизнинг барқарорлигини таъминлашга, тинчлик осойишталикни асрашга, минтақавий хавфсизликни таъминлашга бўлган эзгу қадамлар натижасидир. Ўзбекистон ўзининг тинчлик учун олиб бораётган сиёсатида харбий блокларга аралашмаслиги, харбий кучларга қўшилмасдан олиб бораётган тинчликсевар сиёсати юртимиз тинчлигига асос бўлмоқда.
ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан олтита муҳим ташаббус илгари сурилди.
Биринчидан, Президентимиз инклюзив таълимни ривожлантириш ва соҳада сунъий интеллект технологияларини кенг қўллаш бугунги куннинг долзарб вазифасига айланганини таъкидладилар
Инклюзив таълимни ривожлантириш ва ҳар бир болага жисмоний ёки ижтимоий имкониятларидан қатъи назар тенг таълим олиш шароитини яратиш — бу фақат гуманизм тамойили, балки барқарор ривожланишнинг муҳим омилидир. ЮНЕСКО нинг инклюзив таълим платформаси орқали тажриба алмашиш ва янги ечимлар ишлаб чиқиш имконияти бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширади.
Шу билан бирга, Президентимиз таъкидлаганидек, сунъий интеллектни таълим тизимига жорий этиш орқали замонавий, креатив ва рақобатбардош авлодни тарбиялаш имкони яратилади. “Сунъий интеллект – мактаб” намунавий лойиҳаси ҳамда ЮНЕСКО шафелигида Сунъий интеллект этикаси бўйича халқаро анжуман ташкил этиш таклифи мамлакатимизнинг илмий ва таълим соҳасидаги глобал ташаббускорлик салоҳиятини кўрсатади. Бу таклифлар нафақат миллий таълим тизимини ривожлантиради, балки Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини ҳам мустаҳкамлайди.
Президентимиз томонидан жаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш таклифи илгари сурилди. Бу эса ўз ўрнида таълим сохасида билим ва тажриба алмашиш учун мулоқот майдонини яратади.
Иккинчидан, инсониятнинг бебаҳо хазинаси бўлган жаҳон номоддий маданий меросини асраб-авайлаш йўлида ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги қайд этилди. Президентимиз халқ оғзаки ижоди, қўлёзмалар, тарихий ҳужжатлар ва архивларни сақлаш ҳамда улар очиқлигини таъминлаш мақсадида ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” дастурини ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар. Ушбу дастур яратилган санани ҳар йили нишонлаш мақсадида 19-ноябрни “Ҳужжатли мерос халқаро куни” деб эълон қилиш, шунингдек, ЮНЕСКО тузилмасида Рақамли мерос бўйича халқаро институт ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Қадимий Бухоро шаҳри ҳунармандчилик бўйича ЮНЕСКО Ижодкор шаҳарлар тармоғининг аъзоси эканлиги қайд этилиб, 2027 йилда шу йўналишда халқаро конгрессни Бухорода ўтказиш таклифини бердилар.
Учинчидан, аёллар етакчилик қобилияти ва компетенциясини ошириш масаласига эътибор қаратилди. ЮНЕСКО статистика институтининг маълумотларига кўра, жаҳон миқёсида илмий ва маданий муассасалар раҳбарларининг 25 фоизи, таълим соҳаси бошқарувчиларининг 30 фоизи, тадқиқотчиларнинг 33 фоизи аёллар ҳиссасига тўғри келаётганини келтириб ўтган Президентимиз аёллар ҳуқуқларини таъминлашда, афсуски, тенгсизлик ҳамон сақланиб қолаётганлигини таъкидладилар.
Шу муносабат билан гендер тенглиги ЮНЕСКО фаолиятининг асосий йўналишларидан бири сифатида мустаҳкамланиши лозимлигини қайд этдилар. Шунингдек, аёллар етакчилиги бўйича ЮНЕСКО академиясини ташкил этиш, Самарканд шаҳрида барча қитъаларнинг машҳур тадқиқотчилари, санъат намояндалари, педагог ва ихтирочи хотин-қизларнинг Таълим, маданият ва фан соҳасидаги глобал форумини ўтказиш таклифини илгари сурди.
Тўртинчидан, Президентимиз иқлим инқирозига қарши биргаликда самарали курашиш зарурлигини алоҳида таъкидладилар. Иқлим ўзгариши, чўлланиш, тупроқ емирилиши каби омиллар маданий мерос объектларига салбий таъсир кўрсатаётганини қайд этиб, “ЮНЕСКОнинг Экологик пойтахти” глобал ташаббусини илгари сурди. Шунингдек, ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг “Глобаллашув ва иқлим ўзгаришлари шароитида маданий меросни асраб-авайлаш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш тўғрисида”га оид резолюциясини ишлаб чиқиш ва бу масалада Хива шаҳрида халқаро симпозиум ўтказиш таклифи берилди.
Шу ўринда, давлатимиз раҳбарининг Орол минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш таклифи илгари сурилганлиги, “Орол чекинса ҳам, инсон чекинмайди” деган эзгу ғоя асосида саҳро бўлиб қолган оролда ҳаёт қайнаётганлигини алоҳида эътироф этишимиз керак. Қуриб ётган саҳро атрофида саксовулларнинг экилиши натижасида яшил ҳудуд пайдо бўлганлиги, аҳоли асосий муаммо бўлиб келган тоза ичимлик суви билан таъминланганлиги, бу ердаги ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларининг олиб бораётганлигини алоҳида таькидлаш лозим.
Бешинчидан, Президентимиз виртуал маконда нохолис ахборотлар тарқатиш, жамоатчилик фикрини чалғитиш, дискриминацияга қарши биргаликда самарали чоралар кўриш масаласига тўхталдилар.
Ёшларнинг дунёқараши рақамли муҳитда шаклланаётганини инобатга олиб, Болалар маданий контенти халқаро фестивалини ўтказиш ташаббусини илгари сурдилар. Шунингдек, ёшларни манипуляциядан ҳимоя қилиш ва ахборот шаффофлигини таъминлаш мақсадида ЮНЕСКОнинг медиа саводхонликни ривожлантириш бўйича кенг қамровли стратегиясини ишлаб чиқиш зарурлигини қайд этдилар.
Олтинчидан, Президентимиз дунёда динлараро зиддиятлар тобора кучайиб бораётган ҳозирги шароитда бағрикенглик, ўзаро тушуниш ва тотувлик каби умуминсоний ғояларни кенг тарғиб этиш зурурлигини алоҳида таъкидлади.
Ислом маданияти ва маърифатини дунёга танитиш орқали радикализм ва исломофобияга қарши самарали курашиш мумкинлиги, бу борада Ўзбекистонда амалга оширилган ноёб лойиҳалар Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий ва Баҳоуддин Нақшбанд тадқиқот марказлари салоҳиятидан биргаликда фойдаланишга чақирди.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ЮНЕСКОнинг 43-сессиясидаги нутқи замонавий дунёдаги энг муҳим глобал масалаларга — таълимда тенглик ва инновациялар, ахборот хавфсизлиги, динлараро бағрикенглик ҳамда умуминсоний ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш каби йўналишларга чуқур ёндашувни намоён этди. Бу ташаббуслар нафақат Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини янада юксалтириши, балки барқарор ривожланиш, тинчлик ва маърифат ғояларини жаҳон миқёсида илгари суришга катта ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Айша Матниязова,
Республика маънавият ва маърифат маркази
Элликқалъа туман бўлинмаси раҳбари
ЎзА