Ўзбекистонда давлат ижтимоий суғуртаси тизимини босқичма-босқич ривожлантириш ва ишдан бўшатиш нафақасини Ижтимоий суғурта жамғармаси орқали тўлаш механизмларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда мамлакатимиз мутахассисларидан иборат делегация халқаро тажриба ўрганиш ва тизимни такомиллаштириш учун Малайзияга ташриф буюрди.
Делегация таркибига Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, унинг ҳузуридаги Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги вакиллари киритилди. Ташриф Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида ташкил этилди.

Сафарнинг илк куни Малайзияда давлат ижтимоий суғуртаси ва ишни йўқотиш ҳолатида суғурталаш тизимининг институционал тузилиши, бошқарув амалиёти ва амалий механизмларини ўрганишга бағишланди.
Малайзия Инсон ресурслари вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя ташкилоти (PERKESO), Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари, Инсон ресурсларини ривожлантириш корпорацияси ҳамда бошқа тегишли идора ва ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.

Мулоқот давомида давлат сиёсатини шакллантириш, суғурта бадалларини администрaция қилиш ва тўловларни амалга оширишда ваколатларни аниқ тақсимлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, ишдан бўшатиш ҳолатида ижтимоий суғуртанинг фуқаролар даромадларини ҳимоя қилишдаги роли алоҳида таъкидланди.

Малайзия тажрибаси Ўзбекистонда “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги қонуннинг учинчи босқичини амалга оширишда қўлланилиши режалаштирилмоқда. Хусусан, ишдан бўшатиш ҳолатида нафақаларни Ижтимоий суғурта жамғармаси орқали тўлаш тизимида молиявий барқарорлик, ижтимоий адолат ва расмий бандликни рағбатлантириш принциплари инобатга олинади.
Сафар доирасида олинган халқаро тажриба давлат ижтимоий суғуртаси тизимини такомиллаштириш ва нафақаларни вақтида ва адолатли тарзда тўлашда қўлланилади. Шу билан бирга, тизимнинг институционал тузилиши ва бошқарув амалиётини такомиллаштириш орқали фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш имкониятлари яратилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА