Муносабат
Жорий йилнинг 8 августида Президентимиз иштирокидаги йиғилишда олий ўқув юртлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, кадрлар тайёрлаш тизимини соҳалар эҳтиёжига мослаштириш, олий таълимни реал иқтисодий жараёнларга янада яқинлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Сўнгги етти йил ичида мамлакатимизда олий таълим қамрови тўққиз фоиздан 42 фоизга ошгани, қабул квоталари 4,5 баробар кўпайгани натижасида юз минглаб ёшлар илм олиш имкониятига эга бўлди. Бироқ давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, олий таълим муассасаларида ўқитилаётган мутахассисликлар билан иқтисодиётнинг реал сектори талаб қилаётган касблар ўртасида ҳали ҳам катта тафовут мавжуд. Айрим битирувчилар ўз мутахассислиги бўйича иш топа олмаяпти, корхоналар эса малакали кадрларни четдан жалб этишга мажбур бўлмоқда.
Ҳозирги кунда Наманган давлат техника университети қошида 20 дан ортиқ йирик саноат корхоналари ва ташкилотлар билан ҳамкорликда олийгоҳ кафедраларининг филиаллари фаолият юритмоқда. Уларда талабалар иккинчи курсдан бошлаб ишлаб чиқариш жараёнларига бевосита жалб этилади, бунда ёшлар нафақат назарий билим, балки реал ишлаб чиқариш шароитида амалий тажриба ҳам орттиради. Бу эса битирувчиларни меҳнат бозорида рақобатбардош ва тайёр кадр сифатида шакллантиришга хизмат қилади.
Яна бир хайрли ташаббус – йирик инвестицион лойиҳалар техник-иқтисодий асосларида мутахассислар эҳтиёжини аниқ кўрсатиш, соҳалар ва йўналишлар кесимида олий ўқув юртларига бевосита буюртма бериш, инвестор талабларига мос қўшимча таълим модулларини жорий этиш, олий таълим билан ишлаб чиқариш интеграциясини тубдан мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари айтганидек, битирувчини ишга олган тадбиркорларни рағбатлантириш тизими ҳам амалий натижа беради. Мазкур жараёнда университет битирувчиларини бўш ўрин мавжуд бўлган корхоналарга йўналтириш, тадбиркорлар эса қўшимча рейтинг баллари ва имтиёзли кредитлар орқали манфаатдор бўлиши – уч томонлама фойдали ҳамкорликни таъминлайди.
Университет нафақат тайёр ишчи ўринларига мутахассис етказиб бериш, балки битирувчиларнинг мустақил бизнес бошлашига ҳам кўмаклашади. “Бизнес инкубатор”лар, стартап марказлари, инновацион лойиҳа лабораториялари орқали талабаларимиз ва ёш тадбиркорлар ўз ғояларини ишлаб чиқиш, уларни тижоратлаштириш имконига эга бўлади. Ушбу йўналишда банкларнинг 300 миллион долларлик ресурси, жумладан, 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредитлар ёшларнинг ўз бизнесини йўлга қўйишига замин бўлади.
Келгусида ҳам таълим сифатини ошириш, тармоқлар билан ҳамкорликни кучайтириш, илмий тадқиқотларни тижоратлаштириш, халқаро лойиҳаларда иштирок этиш ва энг муҳими – битирувчиларнинг ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашувини кафолатлаш йўлида режали ишлар амалга оширилиши кўзда тутилган.
Муҳаммаджон Дадамирзаев,
Наманган давлат техника университети
ректори вазифасини бажарувчи, профессор.
ЎзА.