Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари И.Турсунов ва О.Иминов биргаликда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги 171-умумтаълим мактабида ўрганиш олиб борди. Жараёнда аниқланишича, мактабда рус тили, математика, физика, химия, биология фанларидан ўқитувчи етишмайди. Шунингдек, ойлик маош пастлиги учун фаррошлар ҳам етарли эмас.
Аниқланган муаммоларни бартараф этиш борасида мактаб жамоасидан ҳам таклифлар олинди. Мактаб жамоасининг айтишича, бугунги кунда мактабнинг сиғими мавжуд ўқувчиларни тўлиқ қамраб ололмаяпти. Шунинг учун қўшимча бино қуриб, синфхоналар сонини кўпайтириш эвазига қамровни ошириш мумкинлиги билдирилди. Асосийси, қўшимча бино қуриш учун мактаб ҳудудида етарлича ер мавжуд.
Депутатлар аниқланган муаммо ва уларнинг ечимига қаратилган таклифларни шакллантириб, мутасадди идоралар билан боғланган ҳолда ижобий ечим топишга келишиб олди.

Депутат Ирина Токарева эса Олмазор тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими ҳамда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказида бўлди.
Халқ вакили меҳнат бозоридаги давлат сиёсатининг ижроси, аҳолини иш билан таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганди. Шунингдек, ишга жойлашиш, касбий таълим бериш ва ўзини ўзи банд қилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш механизмлари билан танишди.
Маълум қилинишича, йил бошидан буён туманда 11 минг нафардан ортиқ фуқаро доимий иш жойларига жойлаштирилган. 586 нафар фуқаро эса талаб юқори бўлган соҳалар бўйича касбий таълим олган.
Шунингдек, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази фаолияти ҳам ўрганилиб, марказ ходимларининг меҳнат шароити, амалга оширилаётган ижтимоий дастурлар самарадорлиги ва аҳолига хизмат кўрсатиш тизими таҳлил қилинди. Учрашув давомида хизматлар сифатини ошириш, аҳоли учун қулайлик яратиш ҳамда ижтимоий ёрдам турларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқотларда марказлар фаолияти самарадорлигини ошириш, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган фуқароларни манзилли қўллаб-қувватлашни кучайтиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА