Жорий йилнинг 25-30 апрель кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Педагогик маҳорат маркази ташаббуси билан “XXI аср мактаб директори: стратегик етакчилик ва инновацион ёндашув” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилмоқда.
Тадбирнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Г.Кўжабоева, Педагогик маҳорат маркази директори В.Бекмуратова сўзга чиқиб, директорларнинг касбий ривожланиш жараёнларини тўғри ташкил этиш, мониторинг қилиш, халқаро сертификатларга тайёрланиш имкониятларини яратиш ва ўқитувчиларда XXI аср компетенцияларини ривожлантириш бўйича салоҳиятини ошириш бугунги куннинг талаби эканлигини қайд этди.
[gallery-23041]
Тренинглар 4 та модул бўйича олиб борилади. Жумладан, иштирокчилар “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати”нинг ҳуқуқий асослари, касбий ривожланиш координаторининг вазифалари ва мониторинг шакллари билан танишиб, замонавий лидерлик компетенциялари, ўзгаришларга мослашиш, гуруҳнинг ички мотивациясини ошириш бўйича стратегияларни таҳлил қилади. Шунингдек, ўқитувчиларнинг касбий ривожланиш йўллари, мониторинг қилиш усуллари ва амалиётини мактабда қўллашга оид жараёнлар кўриб чиқади. Бундан ташқари, халқаро сертификатлар (Google Educator, Microsoft Certified Educator, Cambridge TKT ва бошқа.) ҳақида маълумот берилиб, уларни мактаб амалиётига жорий этиш йўллари кўрсатилади.
Ушбу семинар-тренингга Қорақалпоғистон Республикаси бўйича жами 727 мактаб директори қамраб олинади ва уларнинг касбий ривожланишига, шунингдек, мактабларда инновацион муҳитнинг яратилишига ҳисса қўшади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА