Боту (Маҳмуд Ҳодиев) янги замон ўзбек адабиётини бошлаб берганлардан бири, истеъдодли шоир ва жамоат арбоби эди. У 1904 йил 16 майда Тошкентнинг Шайхонтоҳур даҳасининг Қатортерак маҳалласида туғилди.
Бошланғич таълимни эски усулдаги мактабларда олган бўлса ҳам, олий таълимни Москвадаги Покровский номидаги институтида (1921) олди. Сўнгра Москва Давлат дорилфунунининг иқтисод факултетида ўқишни давом эттирди (1921—1927). Самарқанд Педакадёмиясига қайтгач, адабий ва илмий иш билан машғул бўлди. Йигирманчи йилларнинг ўрталаридан бошлаб, партия, давлат ишларида фаоллик кўрсата бошлади. Самарқандда нашр этилган "Аланга" ойномасида ва "Фарғона" рўзномасида муҳаррирлик қилди.
Шу даврдан бошлаб, унинг шеър ва ҳикоялари, публицистик асарлари ва очерклари — "Билим ўчоғи", "Инқилоб", "Тонг", "Аланга", "Маориф ва ўқитувчи" сингари ойномаларда чоп этилади. Унинг "Ҳайит ҳаром бўлди" (1929), "Турсун" (1930) каби ҳикояларида эскилик билан янгилик ўртасида кураш, зиддият ўз ифодасини топди. Айниқса, "Ҳайит ҳаром бўлди" ҳикоясида эски дунё тарафдорларининг инқирози ҳажвий йўсинда фош этилади. Унинг "Октябрдан сўнг ўзбек адабиёти…", "Умид учқунлари", "Тўлқин товушлари" каби мақолаларида эса тил, имло, адабиёт тақдири ҳақидаги ўз қарашларини баён этади. Шунингдек, унинг "Умид учқунлари", "Тўлқинларим" (1930) каби шеърий тўпламлари нашр этилади. Шоирнинг "Биринчи хат" поэмаси ҳам машҳур бўлган. Энг муҳими, унинг шеърларида порлоқ, озод келажак учун кураш бош мотив деса бўлади.
Боту жамоат арбоби ва таржимон сифатида ҳам элга танилган эди. Хусусан, республикамизда мактаб-маориф ва олий таълимни, фан ва маданиятни ривожлантиришда жонбозлик кўрсатгани маълум. Бироқ, Боту ўз даври сиёсатига муте ҳолда баъзи хато ва зиддиятли йўлда ҳа бўлган. Хусусан, Фитрат ва Чўлпонларга ("Менинг кечам"ига "Менинг кундузим" билан жавоб қилган) қарши мафкуравий курашларда ҳам иштирок этди. Шунга қарамай, у адабиётимиз тарихида ўзига хос овозли шоир сифатида ўрин эгаллайди.
"Жадидлар — миллат қаҳрамонлари" лойиҳасининг бу галги сони истеъдодли шоир ва жамоат арбоби Боту— Маҳмуд Мақсудович Ходиевга бағишланади.
<iframe width="791" height="445" src="https://www.youtube.com/embed/U7g8JiruXIY" title="Botu— Mahmud Maqsudovich Xodiev" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА