Қашқадарё вилояти Ғузор тумани Хумдон қишлоғида яшовчи Маҳлиё Йўлдошева ҳам кўпчилик қатори соғлом ҳолатда мактабга борди. У ўзининг ҳаракатчанлиги, ўқишга бўлган тиришқоқлиги, билимга чанқоқлиги билан ҳаммадан ажралиб турарди.
Аммо тақдир тақозоси билан 15 ёшидан бошлаб бедаво дардга йўлиқиб, тана аъзолари ҳаракатдан тўхтай бошлади. Дастлаб танасининг белдан пастки қисми фалаж бўлиб, мактабга ҳам қатнай олмай қолди. Фидойи устозлар кўмагида таълимни уйда ўтирган ҳолда давом эттирди.
– Кутилмаганда тана аъзоларим ишламай қолиб, дўстларим даврасидан ажралиб қолганимда, қаттиқ тушкунликка тушганман, – дейди Маҳлиё Йўлдошева. – Кўп сиқилдим, ёлғиз қолиб зерикишни бошладим. Соғлом бўлиб юрган кезларим тўқувчиликка қизиқардим. Ўтириб қолгач, шу ҳунар билан шуғуллана бошладим. Чунки вақтим жуда кўп эди. Кун узоғи бир жойда қимирламасдан ўтирардим. Касаллигим эса зўрайиб кетаверди. 23 ёшимда бутун танам ҳаракатдан тўхтади. Фақатгина бармоқларим ишларди. Бу жуда оғир зарба бўлди менга. Лекин ҳеч қачон умидсизликка тушмадим. Оила аъзоларимнинг кўмагида тўқувчилик ҳунари билан шуғуллана бошладим.
Тақдир кутилмаган тасодифларга бой. Маҳлиёнинг тўқувчилик борасида эришаётган натижалари дастлаб Ёшлар иттифоқининг эътиборига тушди. Мутасадди ташкилотлар билан келишган ҳолда унга қишлоқдаги 70-мактабдан алоҳида хона ва шароит қилиб берилди. Тўқувчилик ҳунари сирларини ўқувчи қизларга эринмасдан ўргата бошлади. Маҳсулотлари билан кўргазмаларда қатнашиб, юқори натижаларни қўлга киритди.
– Маҳлиё бир неча йилдан буён мактабимизда тўқувчилик тўгараги фаолиятини олиб бормоқда, – дейди Ғузор туманидаги 70-мактаб директори Бахриддин Мелиқулов. – Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир ўқувчи мактабни иккита ҳунар, битта тил ўрганган ҳолда битириши лозим, деган даъватларига мос равишда ўқувчи қизларимизга тўқувчилик ҳунарини маҳорат билан ўргатиб келмоқда. Унга мактабимизда ишлаши учун алоҳида хона ва шарт-шароитларни қилиб берганмиз. Тўгарак очилган дастлабки йилларда фақатгина ўқувчилар иштирок этган бўлса, ҳозирги кунда қишлоқдаги ишсиз хотин-қизлар ҳам унга шогирд тушиб тўқувчилик ҳунарини ўрганмоқда.
Курсига михланиб қолган ҳаракатсиз тана. Лекин жўш ўриб турган оташин юрак ва орзу умидларга тўла хаёллар ҳамиша уни янгиликлар сари етаклайди. Сеҳрли бармоқлари кўмагида санъат асарига тенг маҳсулотларни яратади.
– Инсон ҳеч қаерга чиқмаса ҳам, ҳаракатсиз бўлиб қолса ҳам қўлидан нималардир келишини исботлашга уриндим, – дейди Маҳлиё. – Опамнинг қизлари менга ҳамма ишимда кўмакчи. Уни қизим дейман, шодлигиму қайғумга доим шерик. У иккинчи синфлигида юра олмай қолганман. Мурғак қалби билан то шу кунгача бир дақиқага бўлсин мени ёлғиз қолдирмади. Бунинг учун яратганга шукрона келтираман. Бедаво дардга учраганимдан буён олган ҳар бир нафасимда ҳукуматнинг кўмагини доим ҳис қилиб яшадим. 2019 йил Шўртан кимё мажмуасида касаначи бўлиб ишга олиндим. Шу йилнинг ўзида тумандаги ёшлар марказида тўгарак раҳбари сифатида ишга қабул қилиндим. Булар менга кучли мотивация берди. Фаолиятимни кенгайтиришга имкон яратди. Шу кунга қадар 300 нафарга яқин шогирд тайёрладим ва уларнинг кўпчилиги ҳозирда мустақил тўқувчилик ҳунарини давом эттирмоқда. Эндиги мақсадим, фаолиятимни янада кенгайтириб, ишсиз аёлларнинг бандлигини таъминлаш.
Ҳа, шундай инсонлар борки, улар осмонга қараб ҳукуматнинг нимадир беришини кутмайди. Озгина далда ва йўналиш берилса бас, қолганини ўзи давом эттириб кетади. Имконияти чекланган бўлишига қарамай Маҳлиё Йўлдошева мана шундай ҳаракатчан қизлардан бири.
– Давлатимиз раҳбарининг биз хотин-қизларга бераётган эътиборидан, яратиб берилаётган имтиёзлардан жудаям хурсандмиз, – дейди Ғузор туман ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Насиба Муҳиддинова. – Мана шу эътиборнинг натижаси мана бугун Маҳлиё мисолида яққол кўриниб турибди. У имконияти чекланган бўлишига қарамасдан соғлом ишсиз хотин-қизлар қила олмаётган ишларни бажаряпти. 300 нафардан ортиқ шогирд етиштирди. Ён-атрофидаги ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашяпти. Уни ҳар бир хотин-қизга намуна қилиб кўрсатсак арзийди. Чунки унинг ўз устида тинимсиз ишлаши, янгиликларга интилувчанлиги, тўқувчилик сирларининг янги кўринишларини ўйлаб топиб, ўргатаётгани бу жуда катта сабоқ бўлади. Бунинг учун катта истеъдод, иқтидор, маҳорат керак. Маҳлиё доим бизнинг эътиборимизда бўлган. Давлатимиз раҳбари томонидан яратилган имтиёзларнинг ҳеч биридан четда қолгани йўқ. “Аёллар дафтари”га киритиб, унга доимий равишда моддий ва тиббий ёрдамлар кўрсатиб келинади. Бундан ташқари, “Шўртан газ кимё мажмуаси” томонидан 4 хонали замонавий барча қулайликларга эга уй қуриб берилди. Ўзига алоҳида шароит яратилди.
[gallery-22233]
Дарҳақиқат, юртимизда қилинган меҳнат ҳеч бир маҳал эътиборсиз қолдирилмаган. Куни кеча 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан Маҳлиё Йўлдошева ҳам кўпчилик фидойи хотин-қизлар қаторида шахсан давлатимиз раҳбарининг қўлларидан “Шуҳрат” медалини қабул қилиб олди. Маҳлиё Президент билан юзма-юз мулоқотни эслар экан ҳали ҳамон ҳаяжонини яшира олмайди.
– Бу тадбирга боришимга туман ва вилоят мутасаддилари яқиндан ёрдам берди, – дейди қаҳрамонимиз. – Борларига шукр. Имкониятим чекланганига қарамасдан Президентим билан кўришишни, ташаккурларимни юзма-юз айтишни доим орзу қилиб яшадим. Ниҳоят орзуларим ушалди. Юртбошимиз билан учрашдим. Президентим “Маҳлиё қизим, матонатли қизим, Қашқадарёнинг фахри бўлдинг сен”, деган сўзлари қулоқларим остидан кетмайди. “Мен сендан ҳали улкан ишларни кутаман” деди. У кишининг ҳамма гаплари менга катта куч бағишлади ва ҳурмат кўрсатиб, аравачамни ўзлари суриб, жойимга олиб бориб қўйгани бир умрга хотирамга муҳрланиб қолди.
Дарҳақиқат, эътибор ва эътирофга муносиб, иқтидор ва салоҳиятга эга ёшлар юртимизда талайгина. Уларнинг фидойилик билан қилган меҳнатлари ҳамиша эътиборда. Бунга Маҳлиё Йўлдошеванинг фаолияти яққол мисол.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари