Мутахассисларнинг таъкидлашича, Янгийўл туманида саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш тармоқларида бу йил умумий қиймати 358 миллиард сўмлик 21 та лойиҳа ишга туширилиши белгиланган. Улар орқали 1 минг 731 та янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Мазкур саъй-ҳаракатлар билан танишиш мақсадида Тошкент вилояти ва Янгийўл тумани ҳокимликлари томонидан ОАВ вакиллар учун ҳудудда фаолият юритаётган саноат корхоналарида пресс-тур ташкил этилди. Хусусан, “Тинчлик” кичик саноат зонасида ҳозир кўплаб корхоналар фаолият юритмоқда.
Президентмиз 2024 йил ноябрь ойида Тошкент вилоятига ташрифи чоғида мазкур кичик саноат зонасида бўлиб, қатор корхоналар фаолияти билан танишган эди. Бу ердаги “Enter steel” корхонаси ҳам 2021 йил ташкил этилганидан буён қисқа вақт ичида сезиларли ютуқларга эришди.
Журналистларга металл конструкциялар, юқори босимга чидамли резервуарлар, юк кўтарувчи кранлар ва пайвандлаш жараёнлари кўрсатилди. Корхона йилига 146 миллиард 200 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Тайёр маҳсулотлар нафақат ички бозорда, балки хорижда ҳам харидоргир бўлиб, корхонанинг экспорт ҳажми 2,4 миллион долларни ташкил этади.
[gallery-22724]
– Маҳаллийлаштириш дастури доирасида фаол иш олиб бормоқда. Хусусан, нефть ва газ саноати учун 30 минг тонна металл конструкциялар ва 500 дан ортиқ технологик ускуналар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Бу эса импорт ўрнини босишда муҳим аҳамиятга эга. Дастлаб 400 та иш ўрни яратиш режалаштирилган бўлса, бугунги кунда 1 минг 30 дан ортиқ маҳаллий аҳоли иш билан таъминланди. Лойиҳанинг умумий қиймати 20 миллион долларни ташкил этиб, у тўлиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан молиялаштирилган. Аммо, корхонага жалб этилган инвестициялар ҳажми бугунги кунда 37 миллион 430 минг долларига етган. Бу эса корхонамизнинг кенгайиб бораётганидан далолат беради, – дейди корхонанинг бизнесни ривожлантириш бўлими бошлиғи Лазизбек Ҳусанов.
Журналистларга иссиқ руҳ билан қоплаш цехи ҳам кўрсатилди. Бу ерда қишлоқ хўжалиги, йўл қурилиши, турли саноат тармоқларида фойдаланадиган тайёр металл аввал яхшилаб тозаланади, махсус ишлов берилади ва руҳ моддаси билан қопланади. Натижада тайёр маҳсулотнинг чидамлилик даражаси қўшимча 60-70 йилга узаяди. Мазкур амалиёт мамлакатимизда оммалашиб бормоқда.
Навбатдаги манзил замонавий қуёш панеллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “ENTER SOLAR GREEN ENERGY” масъулияти чекланган жамият бўлди. 2023 йилдан бери фаолият юритаётган бу корхона Италиянинг “Ecoprogetti” компаниясидан келтирилган энг сўнгги русумдаги ускуналар билан жиҳозланган. Айни пайтда ишлаб чиқариш қувватини янада ошириш устида фаол иш олиб бормоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 5,5 миллион долларини ташкил этган.
Корхона йилига 375 минг дона қуёш панели ишлаб чиқариш қувватига эга. Иш мавсумида 300 дан ортиқ фуқаро доимий иш ўринлари билан таъминланади. Корхонанинг фаолияти мамлакатимизда “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ва экологик тоза энергия ишлаб чиқаришни кўпайтиришга хизмат қилади.
Журналистлар пресс-тур давомида соҳа ходимлари билан суҳбатлашиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Мусаев, А.Алижонов (сурат), ЎзА.